Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди
Кеча Туркияга сафар қилган Шавкат Мирзиёев 15 март куни мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди ва музокаралар олиб борди.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтинингг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев Туркия етакчисига мамлакатнинг жануби-шарқий музофотларида ўтган ойда рўй берган зилзилалар муносабати билан шахсан ҳамдардлик билдирди. Жабр кўрган музофотларни қайта тиклаш ва янги инфратузилмани барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Туркия президенти, ўз навбатида, Ўзбекистон президенти ва халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатган биродарлик ёрдами, қутқарув ишларидаги фаол иштироки ва жабрланганларга инсонпарварлик кўмаги учун миннатдорлик билдирди.
Туркия вице-президенти Фуат Октай Ўзбекистоннинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Мукофотни Анқарада президент Шавкат Мирзиёев топширди.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръати қайд этилди.
Шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, шу жумладан, Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.