Ўзбекистон ва Қирғизистон Хавфсизлик кенгашлари ўртасида баённома имзоланди
Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов ўзбекистонлик ҳамкасби Виктор Маҳмудов билан маслаҳатлашувларнинг иккинчи раундини ўтказиб, баённома имзолади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон Хавфсизлик кенгашлари котибларининг учрашуви Тошкентда бўлиб ўтди. Биринчи босқич 2019 йилда Бишкекда ўтказилган.
Икки мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиблари минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш соҳасидаги чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Бундан ташқари ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, чегара ҳудудларида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни тезкор бартараф этиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик ҳақида сўз юритилди.
Имонқулов мазкур тадбир давлат раҳбарларининг тинчликсевар сиёсатининг мантиқий давоми бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон халқлари фаровонлиги йўлида давлатлараро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлаш бўйича доимий мақсадларга эга эканини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари учрашув якунлари бўйича икки давлат вакиллари хавфсизлик, тезкор маълумотлар алмашинуви, тренинглар ва машғулотлар ўтказиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга оид қўшимча икки томонлама чора-тадбирларни белгилаб берувчи баённомани имзолади, шунингдек, ортиб бораётган таҳдид ва муаммоларга қарши курашиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади.