Мирзиёев ўзбекистонликларни Наврўз байрами билан табриклади
(last modified Tue, 21 Mar 2023 13:03:51 GMT )
март 21, 2023 18:03 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев ўзбекистонликларни Наврўз байрами билан табриклади
    Мирзиёев ўзбекистонликларни Наврўз байрами билан табриклади

Шавкат Мирзиёев иштирокида "Янги Ўзбекистон" боғидаги Наврўз шодиёнасида нутқ сўзлаб, Ўзбекистон халқини байрам билан табриклади.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистон ғояси – бу 36 миллионли катта халқнинг азм-у қарори, унинг ҳаёт мазмунидир. Бу олижаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. 

“Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсадимиз”, деди президент. 

шу эзгу йўлда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда бошлаган катта-катта дастурлар жадал давом эттирилади.

“Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуои фотиҳаларидан куч-қувват оламиз. Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз. Шу қутлуғ айёмда сизларнинг ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун қўлимни кўксимга қўйиб, чин юракдан ташаккур билдираман.

“Бу йилги ҳосиятли Наврўз фасли юртимизга кўплаб қувончли воқеалар, қўшалоқ байрамларни бошлаб келмоқда. Шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазони шариф арафасида турибмиз. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, юртимиз мусулмонларини, бутун ислом умматини ана шу табаррук айём билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Ушбу илоҳий ойда қиладиган хайрли амалларимиз қабул бўлиб, эзгу ва пок ниятларимиз ижобат топишини тилайман. 

Айни вақтда мамлакатимизда эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан ҳам барчангизни қутлайман. Мустақиллик йилларида Наврўзи олам диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва аҳил оила этиб бирлаштирадиган дўстлик ва нафосат байрамига айланганини биз юксак қадрлаймиз. Бундай ноёб ва бебаҳо бойлигимизни ҳамиша кўз қорачиғидай асраб-авайлаймиз”, деди президент.