Ўзбекистонда яна зилзила содир бўлди
(last modified Thu, 23 Mar 2023 08:20:32 GMT )
март 23, 2023 13:20 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда яна зилзила содир бўлди

Пайшанба куни Тожикистонда зилзила содир бўлди. Унинг кучи Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида сезилиб, 4−5 баллни ташкил этди. Орадан ярим соат ўтиб, афтершок қайд этилди, аммо иккинчи тўлқин Ўзбекистон бўйлаб сезилмади.

Тошкент вақти билан 01:07 да Тожикистоннинг Сўғд вилоятида зилзила содир бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ахборот хизмати.

Зилзила координаталари: 39,39 градус шимолий кенглик; 69,93 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=6. Чуқурлик 15 км. Зилзила эпицентри Тошкентдан 217 км жануби-шарқда.

Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи:

Сирдарё вилоятида 5 балл, 157 км.

Фарғона вилоятида 5 балл, 192 км.

Жиззах вилоятида 5 балл, 198 км.

Тошкент шаҳрида 5 балл, 217 км.

Наманган вилоятида 4−5 балл, 232 км.

Самарқанд вилоятида 4−5 балл, 256 км.

Андижон вилоятида 4−5 балл, 257 км.

Сурхондарё вилоятида 4 балл, 335 км.

Қашқадарё вилоятида 4 балл, 363 км.

Навоий вилоятида 4 балл, 398 км.

Бухоро вилоятида 4 балл, 474 км.

Орадан бироз вақт ўтиб, афтершок қайд этилди. 01:36 да Тожикистоннинг айнан шу ҳудудида 3,6 магнитудали ер силкинишлари содир бўлди. Зилзила эпицентри чуқурлиги 15 кмни ташкил қилди. У Тошкентдан 215 км жануби-шарқда жойлашган бўлиб, иккинчи тўлқин Ўзбекистон ҳудудларида сезилмади.

23 март куни эрталаб, Тошкент вақти билан 07:53 да Тожикистонда яна зилзила содир бўлди. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази хабарига кўра, зилзила координаталари: 39,37 градус шимолий кенглик; 69,79 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=4,9. Чуқурлик 15 км.

Зилзила эпицентри Сўғд вилоятида, Тошкентдан 216 км узоқликда, жануби-шарқий йўналишда жойлашган.

Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи 2−3 баллни ташкил этди. Хусусан, Сирдарё вилоятида (2−3 балл, 152 км),Жиззах вилоятида (2 балл, 188 км), Фарғона вилоятида (2 балл, 204 км), Тошкент шаҳрида (2 балл, 216 км), Наманган вилоятида (2 балл, 242 км).

Бу Тожикистоннинг ушбу ҳудудида тунги зилзиладан кейин содир бўлган бешинчи афтершок ҳисобланади. Қолган силкинишлар кучи Ўзбекистон худудларида қайд этилмади.

Эслатиб ўтамиз, 21 март, сешанба куни кечқурун ҳам Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида кучли зилзила сезилганди. Ер силкинишлари горизонтал характерга эга бўлиб, бирмунча давом этган. Зилзила эпицентри Афғонистонда (6,6 магнитудали) бўлган.