Нукус иши бўйича 8 нафар судланувчи қамоқдан чиқарилди
(last modified Tue, 06 Jun 2023 04:27:30 GMT )
июн 06, 2023 09:27 Asia/Tashkent
  • Нукус иши бўйича 8 нафар судланувчи қамоқдан чиқарилди
    Нукус иши бўйича 8 нафар судланувчи қамоқдан чиқарилди

Апелляция суди Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан жиноят иши бўйича 8 нафар айбланувчининг жазосини озодликни чеклаш билан алмаштирди, 6 нафар судланувчининг муддати қисқартирилди, Даулетмурат Тажимуратовнинг муддати ўзгаришсиз қолди. Суд прокуратуранинг 4 кишига нисбатан протестини рад этди.

Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати душанба куни 2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши бўйича 16 нафар маҳкум номидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор чиқарди. Шу билан бирга, шартли ҳукм қилинган 4 нафар шахсга нисбатан прокуратура протести кўриб чиқилди.

 8 нафар айбланувчига нисбатан жазо қамоқ жазосидан озодликни чеклашга ўзгартирилди, улар суд залида озод қилинди.

Озодлик шартларида улар тунги вақтда уйдан чиқмасликлари, оммавий тадбирларда қатнашмасликлари ва пробация органига мунтазам равишда ҳисобот беришлари шарт.

Асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди, суд унинг аризасини қаноатлантирмасдан қолдиришга қарор қилди — 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш.

Январь ойидаги ҳукм эълон қилинганидан кўп ўтмай ҳибсда вафот этган Полат Шамшетовга нисбатан суд унинг ҳуқуқларини тиклаш ва мулкини меросхўрларига қайтариш тўғрисида қарор чиқарди.

Озодликни чеклашни қамоқ жазоси билан алмаштиришни талаб қилган Лолагул Каллихонова, Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев ва Азамат Нуратдиновларга нисбатан прокуратура протести суд томонидан қаноатлантирилмади. Уларнинг жазоси ўзгаришсиз қолдирилди.

Шунингдек, суд жиноят иши бўйича келтирилган зарарларни қоплаш мақсадида хатланган А.Турданов, А.Сметуллаев, Н.Найипов, Р. Бекмуратов, С.Каипов, К.Сейтимов, А.Адилбековга тегишли мол-мулклар хатловдан чиқарилиб, эгаларига қайтарилишини белгиланди.