Рим шаҳрида Ўзбекистон ва Италия президентларининг учрашуви бўлиб ўтди
(last modified Fri, 09 Jun 2023 08:58:31 GMT )
июн 09, 2023 13:58 Asia/Tashkent
  • Рим шаҳрида Ўзбекистон ва Италия президентларининг учрашуви бўлиб ўтди
    Рим шаҳрида Ўзбекистон ва Италия президентларининг учрашуви бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев ва Италия президенти Сержо Маттарелла Римдаги музокараларда иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар алоқаларни ривожлантириш, Афғонистондаги вазият ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.

Кеча Италия пойтахти Рим шаҳридаги Квиринал саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия президенти Сержо Маттарелланинг музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Италия давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар. Президентлар куни кеча якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланган бизнес-форум натижаларини мамнуният билан қайд этдилар.

Гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Италиянинг маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазма ташкил этишга келишиб олинди.

таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тошкентда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли ишламоқда. Кетма-кет уч йил Ўзбекистон Венециядаги Халқаро биенналеда иштирок этиб келмоқда.

Йил бошидан мамлакатимизга келаётган италиялик сайёҳлар сони 5 карра кўпайди. Жорий йил апрель ойидан бошлаб Тошкент ва Милан ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани туристлар оқимининг ошишига хизмат қилади.

Шунингдек Шавкат Мирзиёев Римда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) раҳбари Цюй Дунъюй билан учрашганида 2030 йилгача бўлган янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни муҳокама қилди.

Ўзбекистон президентининг Италияга ташрифи доирасида ўтказилган бизнес форум давомида «Иссиқлик электр станциялари» ва Италиянинг SACE кредит агентлиги ўртасида учта йирик шартнома ва битта меморандум имзоланди.

Меморандумга асосан, жами 2 млрд 263 млн еврога тенг 4 та йирик лойиҳа, шу жумладан, Тошкент ИЭСни модернизация қилиш, пойтахтнинг 6 та туманида газ поршенли қурилма ва сув иситиш қозонларини қуриш лойиҳаси, Юнусобод туманидаги 4-Иссиқлик маркази ҳудудида ҳар бирининг қуввати 4,3 МВтга тенг 24 та газпоршенли қурилма ва ҳар бирининг қуввати 130 МВтга тенг бўлган 4 та сув иситиш қозонларини бунёд этиш ишлари амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Римдаги Кижи саройида Италия Вазирлар кенгаши раиси Жоржа Мелони билан музокара ўтказди.

Шавкат Мирзиёев ва Жоржа Мелони муносабатларни устувор йўналишларда янада мустаҳкамлаш истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш асосий вазифа экани таъкидланди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.

Маданият, итальян тилини ўрганиш, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилди.

  •