Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Президенти билан музокара ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла Кўксарой қароргоҳида икки томонлама музокара ўтказди.
Италия Президенти шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаган ҳамда мамлакатнинг Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва интеграциялашувни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.
Шундан сўнг, икки томонлама стратегик шерикликни ва устувор йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Унда Ўзбекистон Президенти жорий йил июнь ойида Италияга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Давлат раҳбарлари парламентлар ва ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги фаол мулоқотларни давом эттириш ҳамда келгуси йилда ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари даражасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олган.
Бундан ташқари, учрашувда савдо муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилган. Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муваффақиятли кооперация қилинаётгани қайд этилган. Ўзбекистон миллий иқтисодиётни модернизация қилиш лойиҳаларида Италиянинг илғор ва юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор экани билдирилган.
Ҳукуматлараро гуруҳ доирасида маҳаллийлаштиришнинг янги йўналишлари ва лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олинган. Шунингдек, Италия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда киришини ҳамда Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битимнинг қабул қилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилган.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари форумини таъсис этиш ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказиш таклиф қилинган.
Шунингдек, Италияда қўшма тасвирий санъат кўргазмаларини ўтказиш режалари муҳокама қилинган.
Икки халқ бир-бирининг бой ва бетакрор маданий-тарихий мероси билан танишиши учун мамлакатларда Ўзбекистон ва Италия маданият, кино ва туризм кунлари ўтказилиши таклиф қилинган.
Самарқанд археология институти ҳамда Болонья ва Неапол университетларининг қўшма гуруҳи томонидан олиб борилаётган археология изланишлари юқори баҳоланган. Давлат раҳбарлари академик алмашинувларни кенгайтириш ҳамда қўшма Таълим форумини ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Музокара якунида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилган.