Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўлини қуриш 5 млрд долларга баҳоланмоқда
(last modified Fri, 07 Jul 2023 07:45:09 GMT )
июл 07, 2023 12:45 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўлини қуриш 5 млрд долларга баҳоланмоқда
    Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўлини қуриш 5 млрд долларга баҳоланмоқда

Ўзбекистон пойтахтида транспорт масалаларига бағишланган сессияда Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўл линиясини қуриш лойиҳасининг дастлабки қиймати 5 млрд долларга баҳоланди.

Тошкентда ўтаётган “Шериклик ташаббуслари ҳафталиги”нинг 6 июл кунги дастури доирасида йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш масалаларига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Латвия транспорт вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда 50 дан ортиқ давлатлардан келган хорижий меҳмонлар иштирок этди.

Сессияда халқаро транспорт коридорини ривожлантиришда тилга олинган энг йирик инфрзатузилмавий лойиҳалардан бири Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўл қурилиши бўлди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов маълум қилишича, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари шакллантирилган, уни амалга ошириш учун Бишкекда лойиҳа офиси ҳам ташкил қилинган.

Яқин кунларда Хитойнинг Сиан шаҳрида 3 томонлама учрашув бўлиши кутилмоқда. Ўша ерда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини қабул қилиш, келгуси ишларни амалга ошириш келишиб олиниши лозим. Лойиҳанинг маълум бир йўналиши аниқлаб олинган, эндиликда уни қандай амалга ошириш, молиялаштириш манбалари қандай бўлади, давлат-хусусий шериклик масалалари бор, консорциум тузиб, халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладими – мана шу масалалар кейинги учрашувда муҳокама қилинади”, – деди у.

Холматовга кўра, мазкур лойиҳанинг дастлабки қиймати 5 млрд доллар атрофида баҳоланган. Аммо ҳозирча бу аниқ сумма эмас, лойиҳа тўлақонли ишга туширилгач сарфланиши кўзланган маблағнинг миқдори ҳам очиқланиши айтилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўл линиясини қуриш бўйича илк музокаралар 2017 йилдан бошланганди.