Ўзбекистонда инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси кетма-кет бешинчи ой давом этмоқда
Ўзбекистонда кутилаётган инфляция кетма-кет бешинчи ой пасаймоқда. Марказий банкнинг инфляцион кутилмалар бўйича июн ойида ўтказилган сўровида бизнес ва уй хўжаликлари келгуси 12 ой ичида нархларнинг ошишига асосан валюта курсининг ўзгариши таьсир қилишини қайд этган.
Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорлик субектларининг инфляцион кутилмалари январ ойида кузатилган рекорд даражадаги ўсишдан сўнг кетма-кет бешинчи ой пасаймоқда, деб хабар берди Марказий банк. Июн ойи якунларига кўра, аҳолининг нарх бўйича кутилмалари ўртача 13,3 фоизни (май ойига нисбатан -0,4 фоиз), тадбиркорларники эса 13,3 фоизни (-0,3 фоиз) ташкил этди.
Июн ойидаги сўровларда тадбиркорлар кутаётган хавфлар орасида валюта курси ўзгариши омили кескин ошди ва 11 фоиз пунктга кўтарилиб, 55 фоизни ташкил этди. Валюта курсининг ўзгариши аҳолининг ҳам энг кўп хавфсираётган омили — буни респондентларнинг 50 фоизи қайд этган. Эслатиб ўтамиз, шу кунларда долларнинг сўмга нисбатан расмий курси ўзининг тарихий максимумини янгилади.
Бизнес ҳали ҳам инфляцияга иш ҳақининг ошиши — 39 фоиз (36 фоиз) ҳамда ёқилғи ва энергия нархининг ошиши — 32 фоиз (30 фоиз) та’сир қилади, деб ҳисобламоқда.
Респондентларнинг қарийб 27 фоизи (ўтган ой деярли 30 фоизни ташкил этган) йил охиригача инфляция расман прогноз қилинган даражада бўлишини (9−12 фоиз) кутмоқда. Шу билан бирга, инфляция 13−16 фоиз ва 17−20 фоиз оралиғида бўлишини прогноз қилган респондентларнинг улуши бироз ошди. Инфляция 5 фоиз ва ундан паст даражада бўлишини кутаётган респондентлар сони кескин ошди.