Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди
Туркманистон ва Ўзбекистон дипломатик вакиллари сиёсий ва консуллик ҳамкорликни оширишга келишиб олдилар.
Эрон Телерадиокомпаниясининг Ўзбек сайтининг хабар беришича, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликларининг сиёсий маслаҳатлашувлари икки давлат юқори мартабали расмийлари иштирокида бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат консуллиги ва полиция кучлари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда консуллик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, икки мамлакат фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Тошкент ва Ашхобод ҳокимиятлари ҳуқуқ, консуллик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида тажриба алмашиш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш юзасидан ҳам маслаҳатлашдилар.
Музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилган протокол имзоланди.
Аввалроқ, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари видеоселектор йиғилиши доирасида кўп томонлама ҳамкорликнинг сўнгги ҳолатини муҳокама қилган эдилар.
Қозоғистондан кейин Туркманистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шериги ҳисобланади.
Жорий йилнинг дастлабки уч ойида икки давлат ўртасидаги савдо айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 10,5 фоизга ўсиш билан 263,4 миллион долларга етди.
Икки давлат ўртасидаги савдо айирбошлаш ҳажми 2022-йилда 926 миллион 300 минг долларни ташкил этиб, 2021-йилга нисбатан 271 фоизга ошган.
Айни пайтда Ўзбекистонда 160 дан ортиқ туркман компанияси турли соҳаларда фаолият юритмоқда.
Туркманистон 1993-йил 7-январда Ўзбекистон мустақиллигини тан олди ва икки давлат ўртасида сиёсий алоқалар ўрнатилди.