Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари учрашди
Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди.
Учрашувда икки давлат раҳбарлари қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган Ўзбекистон-Туркманистон чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Амалий ҳамкорлик барча йўналишларда кенгайиб бораётгани қайд этилди.
Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда. “Шовот-Тошовуз” қўшма савдо зонасини тез фурсатда ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.
Биргаликдаги кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувлар ва маданий-ҳуманитар алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.