Ўзбекистон ва Британия расмийлари Афғонистондаги жорий вазиятни муҳокама қилди
Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ва Буюк Британиянинг Афғонистондаги муваққат ишлар вакили ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Буюк Британиянинг Афғонистондаги муваққат ишлар вакили Роберт Чаттертон Диксон ўртасида видео-конференц-алоқа шаклида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида Афғонистондаги жорий вазият, шунингдек, Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг ушбу мамлакатга гуманитар ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.
Роберт Чаттертон Диксон Ўзбекистоннинг Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш, мамлакатда турли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдаги муҳим ўрнини таъкидлади.