Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари учрашуви бўлиб ўтди
(last modified Thu, 17 Aug 2023 04:43:32 GMT )
август 17, 2023 09:43 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари учрашуви бўлиб ўтди
    Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари учрашуви бўлиб ўтди

Кеча Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-йиғилиши бўлиб ўтди.

Чўлпон-Ота шаҳридаги йиғилиш Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари иштирокида ўтказилди. Унда сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида кенг қамровли ва ўзаро манфаатли алоқалар жадал ривожланиб бораётгани, бунда, икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродалари, мунтазамлик касб этган дўстона ва ишончли мулоқотлари асосий омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Унинг ҳажмини 2 млрд долларга етказиш имконияти мавжуд. Сув хўжалиги, энергетика, транспорт, автомобилсозлик ҳамда бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув янада кенгаймоқда деб хабар қилган Спутник.

Учрашувда саноат кооперацияси соҳасида катта имкониятлар мавжудлиги, бу борада Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фонди салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Томонлар маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро маданият кунлари, этноспорт фестиваллари, тадбирлар, концерт ва кўргазмалар ўтказиш ташаббусини илгари сурди.