Ўзбекистонликлар 1 сентябрдан Қирғизистонга ID-карта орқали ўтиши мумкин бўлади
Қўшнилар ўртасида эришилган янги келишувга кўра, эндиликда икки давлат фуқаролари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун – идентификация ID картасидан фойдаланиши мумкин.
2023 йил 25 августдан Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида Баённома кучга кирди. Ушбу баённома 2023 йил 27 январь куни Бишкек шаҳрида имзоланган эди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, икки давлат ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун идентификация ID-картасидан амалда фойдаланиш – ўзаро келишувга кўра, 2023 йил 1 сентябр соат 00:00дан бошлаб йўлга қўйилади.
“Баённома билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, икки давлат фуқаролари учун Давлат чегарасини кесиб ўтишнинг соддалаштирилган ягона тартиби жорий этилди. Жумладан, бундан буён Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 60 кунгача идентификация ID-картаси билан икки давлат ҳудудларига киришлари, ҳаракатланишлари ва унда бўлиб туришлари мумкин”, — дейилади ТИВ баёнотида.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан ҳам Қирғизистонга кириш, ундан чиқиш ва транзит орқали бошқа давлатларга ўтишлари мумкин.