Ўзбекистон АҚШ ҳамкорликни кучайтирмоқда
(last modified Sat, 09 Sep 2023 15:24:44 GMT )
сентябр 09, 2023 20:24 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон АҚШ ҳамкорликни кучайтирмоқда
    Ўзбекистон АҚШ ҳамкорликни кучайтирмоқда

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов АҚШга ташрифи доирасида АҚШ савдо вазирининг ўринбосари, АҚШ савдо вакилининг ўринбосари, Жаҳон банки вице-президенти билан учрашди.

Учрашувлар чоғида Ўзбекистон учун GSP дастурининг бенефициар мақомини қайта тиклаш, мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ 7-йиғилишини ташкил қилиш, икки томонлама савдо муносабатларида тўсиқларни бартараф этишга мўлжалланган қўшма маслаҳат платформасини яратиш доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳамда инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишдан сақланиш бўйича ҳукуматлараро битимларни тайёрлаш юзасидан музокаралар жараёнини бошлашга келишилди.

Шунингдек, Америка кийим-кечак ва пойабзал ассоциацияси, Starlink, Medtronic, Colourizd, Pfizer, B2Gold, Morgan Stanley, Akin Gump, Cerberus Frontier ва бошқа йирик компаниялар раҳбарияти билан ҳам музокаралар олиб борилди ва  янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Банклар, кимё корхоналари ва уяли алоқа компанияларини хусусийлаштириш, инновацион вакциналар ишлаб чиқариш, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, Ўзбекистон тўқимачилик саноатига илғор технологиялар ва дастурий таъминотни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида тўғридан тўғри АҚШ инвестицияларини жалб қилиш масалалари келишиб олинди.