Эртага Шавкат Мирзиёев Россияга сафар қилади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 5-7 октябр кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Москва шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг музокаралари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон раҳбари Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан ҳам учрашади.
Бўлажак учрашувлар кун тартибидан икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, миграция ва гуманитар соҳаларда кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти Татаристонга ташриф буюриб, республика Раиси Рустам Минниханов билан музокара ўтказиши кўзда тутилган.
Маьлумот учун айтиш керакки, бугун, чоршанба куни Россиянинг Татаристон маркази Қозон шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги учинчи минтақавий ҳамкорлик конференсияси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур конференсия доирасида Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгашларининг қўшма мажлиси, шунингдек, “Россия ва Ўзбекистон: тараққиётнинг янги имкониятлари” мавзуида кўргазма ташкил этилди.