Ўзбекистон ва Полша ТИВ -лари сиёсий маслаҳатлашувларниг навбатдаги раунди ўтказилди
Тошкентда Ўзбекистон ва Полша Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига таяниб Кун сайтининг хабар қилишича, тадбир давомида Ўзбекистон-Полша ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги сиёсий мулоқотни, хусусан, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш орқали янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Польшанинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга икки томон ҳам тайёрлиги тасдиқланди. Кимё, тўқимачилик саноати ҳамда қишлоқ хўжалигига оид инвестиция салоҳияти ва истиқболли лойиҳалари таклифлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, икки мамлакат илмий ва таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Польша вакиллари туризм соҳасида шерикликни ривожлантириш, икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.