Ўзбекистон расмийлари “Толибон” билан Қўштепа канали масаласини муҳокама қилиш учун Афғонистонга боради
(last modified Thu, 19 Oct 2023 07:52:32 GMT )
октябр 19, 2023 12:52 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон расмийлари “Толибон” билан Қўштепа канали масаласини муҳокама қилиш учун Афғонистонга боради
    Ўзбекистон расмийлари “Толибон” билан Қўштепа канали масаласини муҳокама қилиш учун Афғонистонга боради

Ўзбекистон делегация йил охирига қадар Афғонистонга юборилади.

Афғонистоннинг “Толибон” ҳукумати томонидан қурилаётган Қўштепа канали юзасидан Ўзбекистон ҳукумати делегацияси тузилмоқда. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов маълум қилди.

“Ҳозирча улар (Афғонистон томони) канални очгани йўқ, кеча кўрсатганлари бу сизот (еростидан сизиб чиқадиган) сувлари эди. Дарёда қурилиш ишлари тўлиқ якунланмади. Бироқ, хоҳлаймизми, йўқми, (Қўштепа каналининг ишга туширилиши) сув ҳажмига таъсир қилади, камайишига олиб келади. Ўзлаштириш учун ҳали йиллар керак, канални қуришнинг ўзи бўлмайди”, дейди вилоят ҳокими.

Улуғбек Қосимовнинг таъкидлашича, канал қазиш ишларига мутахассислар зарур бўлади. Бундан ташқари, ерни ўзлаштириш, сувни ишлатиш жойи талаб қилинади. 

“Ўзлаштириш ҳам катта маблағ талаб қилади. Биз сувнинг бошидамиз, ҳаммага таъсири бўлади, албатта. Унгача [масала] ҳукуматлараро [даражада] кўриб чиқилади”, дейди Улуғбек Қосимов. 

Вилоят ҳокими ҳолатни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Президенти топшириғи билан ҳукумат делегацияси тузилаётганини, унда ўзи ҳам борлигини маълум қилди. 

“Борсак, бу масалани (сув тақсимотини), албатта, кўтарамиз. Ҳозир қачон бориш масаласи кўриб чиқилмоқда, уларга хатлар юборилган, ташриф бир-бир ярим ой ичида бўлиб қолади”, дейди у. 

Маълумот ўрнида, Қўштепа канали Афғонистоннинг Балх вилояти Калдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилоятидан ўтиб, Фарёб вилоятининг Андхой туманигача етиб боради. Каналнинг узунлиги 280 километрни, эни эса 100 метрни ташкил этади.