октябр 23, 2023 18:17 Asia/Tashkent
  • Йилнинг 9 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси қарийб 45 млрд долларни ташкил қилди
    Йилнинг 9 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси қарийб 45 млрд долларни ташкил қилди

2023 йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси қарийб 45 млрд долларни ташкил қилди.

Ўзбекистон Статистика агентлиги мамлакатнинг 2023 йил январ-сентябр ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 44,8 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 17,74 млрд долларни, импорт ҳажми эса 27,01 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 23,5 фоизга, импорт ҳажми 21,1 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 9,27 млрд долларга етган. Ўтган йилнинг мос даврида ташқи савдо дефицити 7,9 млрд доллар бўлган.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқаларида Хитойга боғлиқлиги ортиб бормоқда. Хусусан, йил бошидан бери Хитойнинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 9,45 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 21,1 фоизини ташкил қилган. 

2023 йилнинг январ – сенябр ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган топ-10 давлат:

Хитой – 9,45 млрд доллар;

Россия – 7,03 млрд доллар;

Қозоғистон – 3,23 млр доллар;

Туркия – 2,35 млрд доллар;

Корея – 1,7 млрд доллар;

Туркманистон – 830 млн доллар;

Германия – 784 млн доллар;

Қирғизистон – 753 млн доллар;

Франция – 658 млн доллар;

Афғонистон – 615 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Ўтган давр мобайнида Хитойга амалга оширилган экспорт ҳажми 14,3 фоизга, Туркияга маҳсулот сотиш эса 20 фоизга қисқарган. Ўз навбатида Россияга экспорт ҳажми 5 фоизга, Қозоғистонга 5,4 фоизга, Афғонистонга 17,6 фоизга ошган.

Шунингдек, Хитойдан импорт ҳажми 58,5 фоизга, Россиядан 6 фоизга, Туркиядан 5,8 фоизга кўпайган. Қозоғистон (4,5 фоиз) ва Кореядан (6,8 фоиз) импорт ҳажми эса камайган.

Олтин экспорти

Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида 5,6 млрд доллар қийматидаги олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 31,8 фоизини ташкил этади. 

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 488 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 83,4 фоизга кўп. Ўз навбатида мазкур даврда газ экспорти 47,2 фоизга ёки 412 млн долларгача қисқарган.

Шунингдек, 9 ой давомида 139 миллион долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,9 фоизга кам.

Январ-сентябр ойларида 87,3 млн долларлик электр токи сотиб олинган (камайиш – 2,3 фоиз) ва 49,4 млн доллар қийматидаги электр энергияси (камайиш – 27,8 фоиз) экспорт қилинган.

Нефт ва нефт маҳсулотларининг экспорти 2 баробарга ошиб, 218 млн долларни, импорти эса 35,6 фоизга кўпайиб, 1,18 млрд долларни ташкил қилган.

Ёрлиқ