Ўзбекистон республикаси аҳолиси сони 37 миллион кишига яқинлашди
Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2024 йил 1 январь ҳолатига 36 799 800 кишига етди
Ўзбекистон Статистика агентлиги 2023 йилги демографик кўрсаткичларни эълон қилиб, аҳолиси 1 январь ҳолатига кўра 36,8 млн кишини ташкил этганини хабар қилди.
Газета сайтининг Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлигига таяниб хабар қилишича, 2024 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 36 799 800 кишини ташкил этди, шундан эркаклар сони 18 525 000 кишини, аёллар сони 18 274 800 кишини, шаҳар аҳолиси сони 18 768 500 кишини, қишлоқ аҳолиси сони 18 031 300 кишини ташкил этди.
Ўзбекистонда Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони эса 20 710 900 нафарни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан (20 505 300) 205 600 га кўп.
Ҳудудлар бўйича доимий аҳолиси сони энг кўп Самарқанд вилоятида 4 208 500 киши, Фарғона вилоятида 4 061 500 киши, Қашқадарё вилоятида 3 560 600 киши, энг кам аҳоли сони Сирдарё вилоятида 914 минг киши, Навоий вилоятида 1 075 300 киши ва Жиззах вилоятида 1 507 400 кишини ташкил этган. Шундай қилиб Ўзбекистонда аҳоли сони 4 миллиондан ошган вилоятлар сони иккитага етди.
Ўзбекистонда 2024 йил 1 январь ҳолатига 1 квадрат километрга ўртача 82 киши тўғри келган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 1,8 кишига ортган (2023 йил 1 январь ҳолатига 1 квадрат километрга 80,2 киши). Ҳудудлар бўйича қарайдиган бўлсак, аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида 6787,5 киши, Андижон вилоятида 789,4 киши, Фарғона вилоятида 600,8 кишини ташкил этган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Навоий вилояти 9,7 киши, Қорақалпоғистон Республикасида 12 кишини ташкил этган.
Шунингдек 2023 йил январь декабрь ойларида тирик туғилганлар сони 962 минг кишини ташкил этди, шундан ўғил болалар сони 498,3 минг кишини, қиз болалар сони 463,7 минг киши, тирик туғилганлар сони шаҳар жойларида 480,2 минг кишини, қишлоқ жойларида 481,8 минг кишини ташкил этди.
2023 йилда вафот этганлар сони 172,8 минг кишини ташкил этди, шундан эркаклар сони 95 минг кишини, аёллар сони 77,8 минг киши, вафот этганлар сони шаҳар жойларида 93,6 минг кишини, қишлоқ жойларида 79,2 минг кишини ташкил этди.