Ўзбекистон президенти ёшлар бандлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади
(last modified Sat, 24 Feb 2024 06:12:36 GMT )
феврал 24, 2024 11:12 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти ёшлар бандлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади
    Ўзбекистон президенти ёшлар бандлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев кеча, 23 февраль куни ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказганини президент матбуот хизмати хабар қилди.

Спутник сайтига кўра жорий йил Ўзбекистонда “ёшлар баланси” бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш зарур. Шунингдек, коллеж, техникум ва олий ўқув юртларини 300 минг ёш битиради.

Йиғилишда уларни иш билан таъминлаш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ёшларнинг бизнес билан шуғулланишига қўшимча имкониятлар яратилиши айтилди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи шунга йўналтирилади. “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Мутасаддилар янги саноат лойиҳаларида 100 минг, хизматлар соҳасида 150 минг, иш ўринларини легаллаштириш ва ўзини ўзи банд қилиш орқали 200 минг нафар йигит-қиз бандлигини таъминлаш тўғрисида ахборот берди.

Қобилиятли йигит-қизларни аниқлаб, IT-касблар ва хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашиш зарурлиги таъкидланиб, ҳокимларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Ёшлар ишлари агентлигининг “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали 1 миллион нафар ўғил-қиз хорижий тилларга бепул ўқитилади. Мактаблардаги бўш синф хоналари чет тили репетиторлари ва ўқув марказлари учун бепул ижарага берилади. Қишлоқ жойлардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши юқори бўлган 100 та хусусий ўқув марказининг ижара харажатлари 6 ойгача компенсация қилинади.

Бу йил 60 минг 500 гектар ер ёшларга ажратилиши белгиланган. Бундан самарали фойдаланиш учун янги тартиб ўрнатилиши қайд этилди. Бундан ташқари, мева-сабзавот кооперацияларига банклар орқали 2 миллиард сўмгача кредит ҳам берилади.