март 13, 2024 16:46 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева илк бор БМТ минбарида нутқ сўзлади
    Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева илк бор БМТ минбарида нутқ сўзлади

Танзила Норбоева Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида чиқиш қилди.

Қалампир сайтининг Ўзбекистон Сенатига таяниб хабар қилишича,  Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессиясида иштирок этиб, қатор ташаббусларни илгари сурган.

БМТ Аёллар ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб аёлларнинг 10,3 фоизи ўта қашшоқликда яшайди. 2030 йилга бориб Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун камбағалликка барҳам беришдаги муваффақият 26 баравар тезроқ бўлиши керак.

Шу боис, анжуманда бутун дунё ҳукуматлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, экспертлар ва фаоллар аёлларнинг қашшоқлигини тугатиш ва гендер тенглигини оширишга ёрдам берадиган ҳаракатларни ишлаб чиқиш ва инвестицияларни жалб қилиш масалаларига эътибор қаратмоқда.

Танзила Норбоева 68-сессияда Марказий Осиё минтақаси ва Озарбайжон номидан сўзга чиққан. У бугунги кунда мамлакатларнинг савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани, қўшма сармоявий лойиҳалар амалга оширилаётгани, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаб, ҳамкорлик бўйича умумий ёндашувларни маълум қилди ва қатор ташаббусларни илгари сурган.

"Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш учун  БМТнинг “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” доирасида глобал даражада аёллар ва қизларни ҳимоя қилиш бўйича самарали чоралар кўриш, ўқув дастурлари ва ўқитиш услубларига, шунингдек, STEM-таълимига, айниқса, қишлоқ жойларда гендер ёндашувини жорий этиш  таклиф этилди", дейилади хабарда.

Ёрлиқ