апрел 06, 2024 10:56 Asia/Tashkent
  • Тошкентда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди
    Тошкентда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммадали Искандарийни қабул қилди.

Дарё сайтининг Ўзбекистон сенати матбуот хизматига таяниб, хабар қилишича, Танзила Норбоева ва Муҳаммадали Искандарий учрашувида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги ҳамкорликни, шунингдек, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Эрон президентлари ўртасидаги мунтазам мулоқот, ўзаро ташриф ва учрашувлар турли соҳалардаги алоқаларини кенгайишига муҳим туртки бергани алоҳида қайд этилган.

Мулоқот чоғида товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилда 503,4 млн долларни ташкил этгани, бу икки мамлакат салоҳиятига умуман жавоб бермаслиги, ушбу кўрсаткични бир неча баробар ошириш имкониятларини кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланган.

Транспорт логистикаси, тиббиёт ва фармацевтика, техник муҳандислик, фан ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик бўйича ишга солинмаган имкониятлар борлиги, мазкур йўналишдаги лойиҳалар иккала томон учун ҳам бирдек манфаат келтириши айтиб ўтилган.

Парламентлараро алоқалар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашнинг амалий механизми эканлигидан келиб чиқиб, дўстлик гуруҳлари ва қўмиталар даражасидаги мулоқотлар мунтазамлигини таъминлаш, ўзаро ташрифларни фаоллаштириш бўйича фикр алмашилган. 

Ёрлиқ