АҚШ давлат котиби Туркия президенти билан учрашди
Вашингтон ва Анқара ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир ҳолда ушбу учрашув ва музокаралар бўлиб ўтмоқда.
Франция ахборот агентлининг маълум қилишича, Америка Ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон Сурия шимолида Анқара ҳукумати томонидан бошланган амалиётлар натижасида АҚШ ва Туркия ўртасида совуқлашган муносабатларни юмшатиш учун пайшанба куни Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.
Анқарадаги президент мажмуасида ўтган музокаралар матбуот учун ёпиқ тарзда 3 соат 15 дақиқа давом этган. Учрашувда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлу ҳам иштирок этган.
16 февралга Тиллерсон ва Чавушўғлунинг алоҳида учрашуви ўтиши белгиланган. Учрашувдан сўнг улар иштирокида матбуот анжуман бўлиб ўтади.
Тиллерсон Яқин Шарқ давлатлари бўйлаб 11 февралда бошлаган турнеси доирасида Миср, Кувайт, Иордания ва Ливанда бўлди.
Тиллерсон охирги марта Анқарага 2017 йил 30 мартда келган, 10 июлда эса Истанбулга борган.
Таҳлилчиларга кўра, АҚШ ва Туркиянинг совуқ муносабатлари 2003 йилдаги ҳолатига қайтган. Ўша вақтда Туркия Ироқ ҳудудларида Америка билан ҳарбий амалиётларга ҳамроҳ бўлишни рад қилган эди.