Мисрнинг собиқ диктатори оқланди
Мисрнинг олий апелляция суди мамлакатнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакни айбсиз эълон қилди
Франция ахборот агентлигининг пайшанба куни тарқатган хабарига кўра, Мисрда олий апелляция суди мамлакатнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакни оқлаш ҳақида ҳукм чиқарди.
Ҳусни Муборак бир неча йилдан бери Қоҳира ҳарбий госпиталида сақланади. Бу вақт ичида унинг кўрсатмаси билан 2011 йилда тинч намойиш иштирокчиларига қарши зўравонлик ва куч ишлатилгани ҳақидаги иш кўплаб суд инстанцияларида кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Ҳусни Муборак давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштириб, хорижга олиб чиқиб кетишга айбланганди.
Суд иш бўйича тинглов 2 март куни кун давомида бўлиб ўтди. Якунда ҳакам аввалига умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ президент айбсиз эканини эълон қилди.
Кассация суди ҳукми якуний ҳисобланади ва бу ҳукм устидан шикоят қилиб бўлмайди.
Бундан олдинроқ, собиқ президентнинг адвокати уни оқловчи муҳим далилни келтиргани хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йил 2 июнида Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак ва ИИВнинг собиқ раҳбари Ҳабиб ал-Адлий умрбод озодликдан маҳрум этилган эди. Қоҳира суди 2011 йил январидаги инқилоб вақтидаги тинч аҳолининг ўлимига уларнинг алоқадорлиги исботланган, деб ҳукм чиқарган эди.
Бироқ 2013 йилнинг январида жиноят ишлари бўйича Миср суди ҳукм устидан Муборакнинг адвокатлари берган апелляцияни қаноатлантирди. 2014 йилнинг ноябрида эса Муборак ва унинг ўғилларидан намойишчилар ўлими ва коррупция жиноятлари бўйича барча айбловлар олиб ташланди.
ИИВнинг собиқ раҳбари ва унинг ёрдамчилари ҳам оқланди, бироқ бу қарор Миср аҳолисининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Шундан сўнг Бош прокуратура, суд иши давомида процессуал қоидабузарликларга йўл қўйилганини маълум қилиб, суд ҳукми устидан шикоят қилди. Кўп ўтмасдан Миср суди Ҳусни Муборакни оқлаш ҳақидаги ҳукмни бекор қилганди.