Манчестерда теракт. Қонли ҳодиса бўйича барча маълумотлар
-
Манчестерда теракт. Қонли ҳодиса бўйича барча маълумотлар
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Манчестердаги ҳодисани «қўрқинчли террористик акт» дея баҳолади ва қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди
22 май оқшомида Манчестер шаҳридаги Manchester Arena ёпиқ стадионида портлаш рўй берди. Бу вақтда америкалик хонанда Ариана Гранденинг концерти бўлаётганди. Полиция маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлган, 59 киши жароҳатланган.
Жабрланувчилар яқин шифохоналарга олиб борилган, баъзи кишиларга стадионнинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилган. BBC News хабарига кўра, кўпчиликда мих санчилиши туфайли жароҳатлар қайд этилган.
Портлаш ҳақидаги ахборот маҳаллий вақт билан соат 22:35 да (Тошкент вақти билан 02:35 да) келиб тушди. Ҳодисага оид видеолар тарқалган.
Манчестердаги аренада рўй берган ва 22 кишининг ўлимига сабаб бўлган воқеа террорчилик акти ҳамда у ўз танасига портловчи қурилма боғлаган террорчи томонидан содир этилган.
Стадион жойлашган Cathedral Garden тумани аҳолисига уйлардан чиқмаслик сўралди, ҳудудда полициячилар навбатчилик қилмоқда.