Бангладеш соҳилида яна Роҳинга болалари чўкиб ҳалок бўлди
Бангладеш расмийлари хабар тарқатишича, Роҳинга мусулмонлари ўтирган кема 8-октябрь тунида ағдарилиши оқибатида камида 12 инсон ҳалок бўлган.
Улар орасида 10 нафар бола, бир аёл, бир эркак бўлган.
Ҳодиса Наф дарёсининг Бангладеш соҳилида рўй берган.
Расмийларга кўра, кемада 40 дан 100 тагача одам бўлган.
Бангладеш расмийлари бир неча инсон бедарак кетгани ва қидириш ишлари давом этаётганини айтганлар.
Мянмарнинг Бангладешга қўшни Ракхайн штатида ҳарбий амалиётлар бошланганидан кейин 500000 дан зиёд Роҳинга мусулмонлари ўзларининг яшаш жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлдилар.
Кимдир қуруқлик орқали Бангладеш ҳудудига ўтиб олишга уринди, яна бошқалар эса кичик балиқчи кемаларда ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб сув орқали қочишга ҳаракат қилдилар.
Бундан олдин ҳам кема ағдарилиши оқибатида қарийб 60 инсон ҳаётдан кўз юмди.
Август ойи охирида Роҳинга жангарилари ҳарбий постларга ҳужум қилганлари ҳарбий амалиётлар бошланишига олиб келди.
Мнямар ҳукумати фуқаролик беришни истамаган Роҳинга мусулмонлари ватанларига ташлаб қочдилар.
Бангладешга қочиб ўтганлар айтишича, Мянмар ҳарбийлари ва уларга қўшилган буддавий оломон Роҳинга мусулмонларини шафқатсиз ўлдирдилар, қишлоқларини ташлаб қочсин деган мақсадда уйларга ўт қўйдилар.