НАТО Россия томонидан эҳтимолий ҳужумини қайтара олмаслигини эътироф этди
НАТО Россиянинг эҳтимолий ҳужумини эскирган жамоавий тузилма сабаб қайтара олмайди, у «Совуқ уруш» даврида яратилган, деб маълум қилган Альянс экспертлари ҳисоботида.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “НАТОнинг Россия томонидан эҳтимолий ҳужумини қайтара олмаслигини эътироф этиши”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
НАТО Россиянинг эҳтимолий ҳужумини қайтара олмаслигини маълум қилди. НАТО шарқдан эҳтимолий зарбани тезкорлик билан бартараф эта олмайди. Бунга сабаб блок жамоавий тузилмасининг эскиргани. Бу ҳақда Альянс экспертлари ҳисоботида айтилди. Унинг муаллифлари Болтиқбўйи ва Скандинавия давлатлари мудофаасини кучайтиришга чақирмоқда. НАТО Россиянинг эҳтимолий ҳужумини эскирган жамоавий тузилма сабаб қайтара олмайди, у «Совуқ уруш» даврида яратилган, деб маълум қилган Альянс экспертлари ҳисоботида. Болтиқбўйи ва Скандинавия давлатлари «энг кўп таҳдидга Россия томонидан учрайди» ҳамда «тезроқ» мустаҳкамланишга муҳтож. «НАТО тезкор кучлари лозим бўлган тақдирда тезлик билан жавоб қайтара олиши борасида ишонч йўқ», - дея қайд этилган НАТО экеспертлари ҳисоботида. Россия Мудофаа вазирлиги октябрь ўрталарида АҚШ Польшага қўшимча зирҳли танк бригадасини махфий тарзда йўллагани, шу тариқа, мамлакатдаги қўшинлари сонини дивизияга қадар оширганини маълум қилган эди. Рус ҳарбийлари маълумотига кўра, Польшага 2-зирҳли танк бригадаси келган.
Шу билан бирга, 3-зирҳли танк бригадаси техникаси мамлакатни тарк этгани йўқ. Совуқ уруш даври тугагандан кейин маълум давр мобайнида Россия ўз ички муаммолари гирдобида қолиб, халқаро саҳнадан тушиб қолганлиги дунёда бирёқлама сиёсат қолипини ўрнатгани ҳеч кимга янгилик эмас. АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан юритилган халқаро сиёсатга қарши бўлган ҳар бир давлат улар томонидан “биз билан бўлмаган бизга қаршидир” принципида талқин қилинди. Сиёсий ўйинлар, “рангли инқилоблар” экспорти, турли нуқталарда турли сабабларга кўра ҳарбий куч ишлатилиши, бирдан ривожланиб кетган интернетдаги хабарчилик медиаси орқали амалга оширилган ахборот хуружлари натижасида кўпчилик мамлакатлар “таклиф этилган ўйин қоидалари”га рози бўлишди. Рози бўлмаганларда бошқарув “алмаштирилди”. Айнан шундай вазиятда Россия ўз эски мавқеъини тиклашни бошлади. Россия президенти Владимир Путиннинг аввал оддий баёнотлар билан бошлаган дунёдаги бир қутбли сиёсатга қарши чиқиши аста-секин амалиётга кўчди. Бу албатта, у пайтгача “ҳаётидан рози” яшаб келганларнинг ғашини келтирди. Натижада Россиянинг ички ҳаётига аралашувга уринишди, ички ғалаёнлар келтириб чиқариш пайидан бўлишди.
Хориждаги раҳнамоларига ўзларининг Россия ичида дастаклари кучли эканини эътироф этган баъзи “мухолифатчилар”га тикилган дов ўзини оқламади. Путин ва унинг сиёсатини мамлакат ичида қўлловчилар сони ошди холос. Бу кескинликлар ортидан Россия 21 асрдаги катта қарорини қабул қилди. Украинада Россияга қарши бўлган ҳукуматнинг давлат тепасига ноқонуний келишига қарши ўлароқ, Қрим ва Севастополнинг Россияга қўшилиш ҳақидаги истагини маъқуллади. АҚШ ва иттифоқчилари бир томондан БРИКС доирасида, иккинчи томонда ШҲТ орқали иқтисодий-сиёсий иттифоқчилари кўпайиб бораётган Россияни издан чиқаришга астойдил бел боғлашди. НАТО томонидан 2015 йилдан бошлаб Европа давлатларида ўтказилаётган “Атлантик қатъият” операцияси бунинг ёрқин исботи бўлади. Россия билан НАТО ўртасидаги “Россия чегараларида НАТО доимий кучлари сонини чегаралаш” ҳақидаги келишувга қарамай, АҚШ томонидан мувофиқлаштирилиб келинаётган бу ҳарбий ҳаракат кун сайин кенгайтирилмоқда. Болтиқ ва Болқон давлатлари, Польша, Чехия, Венгрия, Руминия ва қолаверса, Украина и Грузияда ўтказилиши режа қилинган бу операциянинг асосий мақсади Россиянинг турли тарафларида НАТО Қуролли кучларини жойлаштиришдир.
Германияга катта миқдорда АҚШ ҳарбий техникаси олиб келинди. Оғир артиллерия қуроли ва бошқа техникалардан иборат ушбу юкни 900 вагонга жойлаб, Шарқий Европага хусусан Польшага жўнатилди. Сўнгги пайтларда қўл урган жойида доимий муваффақиятсизликка учраб келаётган НАТО ўз аъзоларини йўқотиш хавфини биринчи бор аниқ ҳис этишни бошлади. Чунки, Россияни фақатгина Хитой чегаралари томондан сиқувга олишга урина олмайдиган НАТО қолган давлатларни бу занжирга боғлашга уринади. Россия билан тўғридан тўғри зиддиятга боришга ботина олмайдиган Шимолий Атлантика блоки ён-атрофдаги давлатларга ўз босимини ўтказиб, ўз таъсири доирасида ушлаб туришга уринмоқда. НАТОнинг чегаралари Россия сари тобора силжиб борар экан, Россия президентининг Москва собиқ совет ҳудудларидаги ўз мавқеини кучайтириши билангина Россиянинг обрўси ва хавфсизлиги таъминланади деган қараши ўз тасдиғини топа бошлади. Бунга эришиш учун рус озчиликларини ҳимоя қилиш бир вақтнинг ўзида ҳам мақсад, ва ҳам тактикага айланди. Эндиликда Россия ва НАТО қолипида қарама-қарши бўлиб шаклланаётган Ғарб ва Москва ўртасидаги зиддиятли жараён, айни пайтда янада жиддийлашмоқда.
Россия расмийлари ҳар доим НАТОнинг Европа ёки халқаро доирадаги мақсадларидан салбий хулоса чиқариб келган. Айниқса, НАТОнинг ўз фаолиятини шарққа қараб кенгайтириши учун саъй-ҳаракатлари ва ушбу йўналишда Америка давлати билан ҳамроҳликда Европада ракетага қарши мудофаа системасини жойлаштириш учун ҳаракатлари ҳамда НАТОнинг шарқий европада ва Қора денгизда кенг қамровли ҳаракатларини янада кенгайтириш учун сўнги уринишлари янада ваҳимали бўлди. НАТОнинг Швеция ва Финландиянинг ушбу ташкилотга аъзо бўлишини кўзлаб Европа шимолига қараб ўз фаолиятларини янада кенгайтириши Россиянинг жиддий хавотирланишига сабаб бўлди. Болтиқбўйи мамлакатлари устидан НАТОнинг ҳаво патрулини амалга оширган самолётлари Америкага қарашли эканлиги маълум бўлди. АҚШ бу амалиётни қўллаб-қувватлаш учун яна кўпроқ қирувчи самолётларни юборди. Шунингдек, Америка Польшага ўз самолётларини йўллади. Вашингтон энди узоқ муддатга ўз иттифоқчилари хавфсизлигини таъминлашга қанчалар бел боғлаганини намойиш қилиши керак бўлади. Совуқ Уруш якун топишидан 20 йил ўтиб, Россия ва Ғарб ўртасидаги совуқ ва адоватли муносабат оддий ҳолга айланадиган кўринади.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.