Ким Чен Ин биринчи марта Пхеньянда Помпеони қабул қилмади
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин АҚШ давлат котиби Майкл Помпеони унинг Пхеньянга расмий ташрифи чоғида қабул қилмади, деб ёзади «KP.ru».
Америка ташқи сиёсий идораси раҳбари Корея Меҳнат партиясининг ягона фронт бўлим мудири Ким Ён Чхол билан музокаралар олиб борди.
Помпеонинг сўзларига кўра, учрашув чоғида Шимолий Корея вакиллари билан «муҳокама қилинаётган ҳар битта масала бўйича прогресс»га эришишга муваффақ бўлинган. Шунингдек, у журналистларни ишонтиришича, Ким Чен Ин АҚШ президенти Дональд Трамп билан Сингапурдаги учрашувда эришилган келишувларга содиқликни сақлаб қолмоқда.
Давлат котиби томонлар бу йўналишда ишлашни давом эттиришга келишиб олганини айтди. Чунончи, 12 июлда КХДР ва Жанубий Корея чегарасидаги қуролсизлантирилган ҳудудда жойлашган Пханмунжом чегара пунктида Пентагон вакиллари иштирокида ишчи учрашуви бўлиб ўтади. Унда 1950—1953 йиллардаги Корея уруши даврида ҳалок бўлган америкалик ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини топшириш масаласи муҳокама қилинади.
Бу Майкл Помпеонинг Пхеньянга учинчи ташрифи. Бунгача у КХДР етакчиси билан икки марта шахсан учрашишга муваффақ бўлган.