Имрон Хоннинг Покистон бош вазири лавозимига сайланиши
(last modified Sun, 19 Aug 2018 05:55:50 GMT )
август 19, 2018 10:55 Asia/Tashkent

Покистоннинг “Адолат учун ҳаракат” партияси етакчиси Имрон Хон 17 август кунида Покистон бош вазири лавозимига сайланди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Покистоннинг “Адолат учун ҳаракат” партияси етакчиси Имрон Хоннинг Покистон бош вазири лавозимига сайланиши”га доир мавзуга бағишланади.      

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Покистоннинг “Адолат учун ҳаракат” партияси етакчиси Имрон Хон 2018 йил 17 август кунида Покистон бош вазири лавозимига сайланди. Покистон парламенти қуйи палатаси Миллий ассамблея сайловларида ғолиб бўлган партия етакчиси 65 ёшли Имрон Хон номзодини 176 нафар депутат қўллаб-қувватлаган. Мамлакатда 25 июл кунида бўлиб ўтган парламент сайловларида Имрон Хон партияси 1-ўринни эгаллаб, қуйи палатадаги 272 ўриндан 116 тасини қўлга киритган эди. 17 август кунида эса Имрон Хон 272 депутатдан 176 нафарининг овозини олиб, бош вазир бўлди. Бош вазирликка Имрон Хон номзодини унинг «Адолат учун ҳаракат» партиясидан ташқари бошқа бир қатор мустақил депутатлар ва партия аъзолари ҳам қўллаб-қувватлаган.

      Покистоннинг Адолат учун ҳаракат партияси етакчиси Имрон Хон 18 август куни Покистоннинг 22- бош вазири сифатида қасамёд келтирди. Покистон президенти Мамнун Ҳусайн пойтахт Исломободдаги қароргоҳида Имрон Хоннинг қасамёдини қабул қилди. Маросимда Қуръондан оятлар ўқилган ва Покистон мадҳияси янграган. Маросим Исломободдаги президент саройида бўлиб ўтган. Унда расмий шахслардан ташқари, янги бош вазирнинг спорт фаолиятидаги дўстлари ҳам иштирок этишган. Сўнгра Имрон Хон Покистон бош вазири офисига йўл олган. Келиб чиқиши пуштун бўлган Имрон Хон 1952 йилда Панжоб вилоятининг Миянвали шаҳрида муҳандис-қурувчи оиласида дунёга келган. 1971 йилдан 1992 йилгача профессионал спорт билан шуғулланиб, крикет бўйича Покистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган ва унга 10 йил сардорлик қилган.

      Имрон Хон 1992 йилги жаҳон чемпиони ҳисобланади. 2010 йилда унинг номи Халқаро крикет кенгаши шон-шуҳрат залига киритилган. Имрон Хон 1996 йилда “Адолат учун ҳаракат” партиясига асос солган. Имрон Хон сиёсий фаолиятдан ташқари хайрия ва таълим лойииҳалари билан ҳам шуғулланади. У Лахорда саратонни ташхис қилиш ва даволаш билан шуғулланувчи, дунёдаги етакчи бепул тиббий муассасалардан бири бўлмиш онкология илмий-тадқиқот марказига шунингдек, Рикхи округида эса техника фанлари соҳасида мутахассисларни тайёрловчи коллежга асос солган. Имрон Хон сайловлардан кейин Кашмир масаласига ечим топиш мақсадида Ҳиндистон билан музокаралар олиб боришга ваъда берган эди.

     Покистоннинг янги бош вазири Имрон Хон ушбу мамлакатдаги ўтган етмиш йилдаги ўзгаришлар тарихида янги фасл ҳисобланади. 1947 йилда Покистон мустақиллигидан кейинги йилларда мамлакатда фаол бўлган Муслим Лиг ва Халқ партиясининг раҳбарлари ва таниқли шахслари, ҳар доим Покистон бош вазири бўлиб келишган шунингдек, мамлакат армияси ҳам тез-тез давлат тўнтаришларини амалга ошириб, армия қўмондонлари ҳукуматни бошқариб келишган. Шулардан келиб чиқиб, Покистонда сиёсий доиралар нуқтаи назаридан Имрон Хоннинг қасамёд келтириши, нафақат ушбу мамлакатдаги сиёсий ўзгаришларда тарихий кун бўлди, балки Покистон халқининг истак ва орзуларининг рўёбга чиқишини намоён ҳам этди.

       Бу эса ушбу мамлакатдаги иккита қудратли ва анъанавий партияга йўқ деб овоз бериш, мамлакатнинг турли соҳаларида жумладан сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жабҳаларда катта ўзгаришлар бўлишига умидворлик бағишлашини англатади. Имрон Хон учун қисқа муддат ичида халқнинг орзуларини ва талабаларини рўёбга чиқариши, бироз қийинроқ кечиши мумкин. Негаки, Покистоннинг сиёсий ва иқтисодий тузилмалари йиллар давомида иккита анъанавий партиянинг ва мамлакат ҳарбийларининг талабларига асосан ҳамда уларнинг намуналарига биноан амалга ошган ва шулар билан чекланиб қолган. Шунинг учун зудлик билан ўзгаришларнинг юз бериши осонлик билан кечмайди. Сиёсий масалалар бўйича эксперт доктор Носир Али Раҳмонийга кўра, Имрон Хоннинг бош вазир бўлиши, Покистоннинг ички ва ташқи ўзгаришларида катта ижобий таъсирга эга бўлади. Агар Имрон Хон ўз дастурларининг амалдаги ижросида, армия сиёсатларини ҳам ўзига ҳамроҳ қилса, яхши натижаларга эришади.

      Шубҳасизки, Покистоннинг янги бош вазири сайловолди дастурларига қаратилган шиорларини жумладан умумий фаравонлик, тинчлик ўрнатилиши, хавфсизликни таъминлаш ва минтақа муаммоларини ҳал этишда жиддий муаммоларга дуч келади. Ички ва минтақа имкониятларидан фойдаланиш Имрон Хонга ушбу муаммоларни осонлик билан ҳал этишда ёрдам қилади. Шунингдек, ички ва ташқи сармояларни жалб этиш учун хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ва ижтимоий дастурларнинг ижро этилиши, Покистон бош вазири учун энг муҳим устувор йўналиш ҳисобланади. Сиёсий масалалар бўйича эксперт Шариф Ҳунайфининг айтишича, Имрон Хон сиёсатчи сифатида Покистон қабилаларининг ўрта синфидан чиққан ва ҳозирги шароитни чегаранинг икки томонидан ҳам идрок этади. Бундан ташқари, минтақа имкониятларидан фойдаланиш нафақат хавфсизликни таъминлайди, балки иқтисодий муаммоларга ечим топишда жумладан энергетика соҳасидаги камчиликларни бартараф этишда ҳам катта таъсир кўрсатади.

      Ҳар ҳолда сиёсий кузатучилар нуқтаи назари билан қараганда, Имрон Хоннинг Покистон бош вазири бўлиши, йиллар давомида сиёсий майдондан четлаштирилган сиёсатчилар ва кўзга кўринган таниқли шахслар учун муносиб ва қулай фурсат бўлди. Эндиликда, улар Покистондаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда турли йўналишда ва соҳаларда фаол иштирок этишлари мумкин булади. Шунингдек, Покистонга қўшни бўлган мамлакатларнинг Имрон Хон билан турли соҳаларда хусусан энергетика тармоғида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини эълон қилишлари ҳам, унга мамлакат мушкилотларини ҳал этишда катта кўмак бўлади.     

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.