Лавров: Толибон Москвадаги йиғилишда иштирок этади
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия «Толибон» ҳаракати вакиллари билан мулоқотлар мавжудлигини ҳеч қачон яширмаганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Ройтерз хабар берди.
«Биз энг аввало Афғонистондаги Россия фуқаролари, Россия муассасалари хавфсизлиги манфаатларини таъминлаш ҳамда толибларни қуролли курашдан воз кечиб, ҳукумат билан умуммиллий мулоқотга киришишларига эришиш мақсадида ушбу алоқаларни қўллаб-қувватлаймиз», — деди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳукумати ва мазкур ҳаракат вакиллари 4 сентябрь куни Москвада бўлиб ўтадиган учрашувда қатнашишни режалаштиришмоқда. Учрашув мавзуси Афғонистондаги ярашув истиқболлари бўлади.
Ўз навбатида, Афғонистоннинг Россиядаги элчиси журналистларга Афғонистон ҳукумати "толибон"нинг ушбу мулоқотда иштирок этишига қарши эмаслигини таъкидлаган.