БМТ АҚШнинг Эронга қарши санкцияларини ноқонуний деб атади
(last modified Thu, 23 Aug 2018 05:40:52 GMT )
август 23, 2018 10:40 Asia/Tashkent
  • БМТ АҚШнинг Эронга қарши санкцияларини ноқонуний деб атади
    БМТ АҚШнинг Эронга қарши санкцияларини ноқонуний деб атади

АҚШ томонидан Эронга қарши қайта жорий қилинган санкциялар Эрон иқтисодиётини барбод қилади ва тинч фуқароларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда БМТнинг эркинликлар ва ҳуқуқларга бир томонлама мажбурий чораларнинг салбий таъсири масаласи бўйича махсус маърузачиси Идрис Жазоирийнинг баёнотида айтилган.

“Вашингтоннинг АҚШнинг ўзи томонидан қўллаб-қувватланиб, Хавфсизлик кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинган Эрон билан ядровий келишувдан бир томонлама чиқишидан кейин Теҳронга қарши санкциялар киритиши бу ҳаракатларнинг ноқонунийлигини кўрсатади”, деб айтган Жазоирий.

У БМТ низомига кўра “шундай мазмунсиз ҳужумлардан қочиш учун” санкциялар Хавфсизлик кенгаши қароригина билан жорий қилиниши мумкинлигини эслатиб ўтган. Жазоирийнинг айтишича, санкциялар оддий фуқаролар ҳуқуқларини бузмаслиги керак ва қонуний асосга эга бўлиши лозим, бироқ “бу ҳолатда ушбу тамойиллардан бирортасига амал қилинмаган”.

“Бу адолатсиз ва зарарли санкциялар Эрон иқтисодиёти ва валютасини барбод қилади, миллионлаб одамларни ночорликка олиб келади, кўплаб импорт қилинувчи маҳсулотларга йўлни ёпади”, деб айтган Жазоирий.

У шу муносабат билан АҚШни Эронга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат, дори-дармонлар ва тиббий техника олиб киришга рухсат беришга чақирган.

Жазоирий ўз баёнотида қолган давлатларнинг Теҳронга иқтисодий босим ўтказишда иштирок этмаслик қарорини қутлаган ва халқаро ҳамжамият “тинчликнинг иқтисодий уруш майдонига айланишига йўл қўймаслигига” умид билдирган.

Ёрлиқ