Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Башор Асадни ғалаба билан табриклади
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Сурия ҳукумати ва халқини Сурия сайловларининг муваффақиятли ўтказилиши ва Башор Асад ғалабаси билан табриклади.
Эрон Ислом Жумҳурияти Ташқи ишлар вазирлиги жума куни қилган баёнотида деди: "Сайловларнинг муваффақиятли ўтказилиши ва халқнинг кенг иштироки Сурияда тинчлик, барқарорлик, осойишталик, қайта қуриш ва фаровонликни ўрнатиш учун муҳим қадамдир. "
Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида таъкидланади: Эрон Ислом Жумҳурияти Сурия халқининг қарорини ҳурмат қилган ҳолда, Сурия халқининг тақдири ва ушбу мамлакат келажагини чет элларнинг аралашувисиз белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди.
Сурия парламенти спикери Ҳамуда Саббоғ пайшанба куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида Башор Асад 95,1 фоиз овоз билан президентлик сайловларида ғолиб бўлганини айтди.
Сурия парламенти спикерининг сўзларига кўра, президентлик сайловларида қатнашган 14 миллион 239 минг сурияликнинг 13 миллион 540 минг 360 нафари Башор Асадга овоз берган.
Сурия президентлигига бошқа номзодлар Маҳмуд Маръи ва Абдуллоҳ Салум Абдуллоҳ мос равишда 470,276 овоз (3,3 фоизга тенг) ва 213 968 овоз (1,5 га тенг) олишди.
Сурия парламенти спикери президентлик сайловларида сайловчиларнинг 78 фоизи иштирок этганлигини эълон қилди.
Суриядаги президентлик сайловлари ўтган чоршанба куни бўлиб ўтди ва унда учта номзод рақобатлашди. Сайлов Сурия халқи томонидан яхши кутиб олинди.