Трамп таҳдиди Европанинг хавфсизликка оид асосий ташвишлари марказида
https://parstoday.ir/uz/news/world-i98630-Трамп_таҳдиди_Европанинг_хавфсизликка_оид_асосий_ташвишлари_марказида
Бир сўровнома натижаларига кўра, немисларнинг 60 фоиздан ортиғи АҚШ президенти Дональд Трампни ўз мамлакатлари учун таҳдид деб ҳисоблайди.
(last modified 2026-02-16T08:43:58+00:00 )
Январ 27, 2026 09:25 Asia/Tashkent
  • Трамп таҳдиди Европанинг хавфсизликка оид асосий ташвишлари марказида
    Трамп таҳдиди Европанинг хавфсизликка оид асосий ташвишлари марказида

Бир сўровнома натижаларига кўра, немисларнинг 60 фоиздан ортиғи АҚШ президенти Дональд Трампни ўз мамлакатлари учун таҳдид деб ҳисоблайди.

Немисиянинг INSA институти томонидан немиснинг Bild газетаси учун ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, немисларнинг 60 фоиздан ортиғи АҚШ президенти Дональд Трампни ўз мамлакатлари учун таҳдид деб ҳисоблайди. Pars Today хабар беришича, ушбу сўровнома асосида иштирокчиларнинг 61 фоизи Трампни «катта эҳтимол билан Германия учун таҳдид» деб ҳисоблаган, фақат 24 фоизи эса уни «иттифоқчи» сифатида кўради. Шунингдек, жавоб берганларнинг 15 фоизи фикр билдиришдан тийилган.

Сўровномада қатнашганларнинг 52 фоизи Германия ҳукумати Трамп билан муносабатлар масаласида қатъийроқ позиция тутиши кераклигини айтган. Бунга қарши равишда, 31 фоиз иштирокчи Берлиннинг Вашингтон билан яқинроқ ҳамкорлик қилиши тарафдори эканини билдирган. Ушбу сўровнома 22–23 январь кунлари минг нафардан ортиқ киши иштирокида ўтказилган.

Европаликлар нигоҳида Трамп: «Европанинг душмани»

Бошқа бир сўровнома натижалари ҳам қарийб ярим европалик АҚШ президентин «Европанинг душмани» деб ҳисоблашини кўрсатмоқда. Ўртача ҳисобда, 9 та Европа мамлакатининг 48 фоиз аҳолиси Трампни ўзларининг очиқ душмани сифатида таърифлаган. Бу кўрсаткич Бельгияда 62 фоиз, Францияда эса 57 фоизни ташкил этган. Энг паст даража эса Хорватияда 37 фоиз ва Польшада 19 фоиз этиб қайд этилган.

Шунга қарамай, европаликлар АҚШ билан муносабатларни стратегик жиҳатдан муҳим деб баҳолашда давом этмоқда. Европа Иттифоқи Вашингтонга нисбатан қандай позиция тутиши керак, деган саволга жавоб сифатида энг оммабоп вариант — 48 фоиз билан муросага келиш бўлган.

Россия билан уруш хавфи ва кенг тарқалган заифлик ҳисси

Франция, Италия, Испания, Германия, Польша, Португалия, Хорватия, Бельгия ва Нидерландияда ўтказилган мазкур сўровнома шуни кўрсатадики, жавоб берганларнинг 51 фоизи яқин йилларда Россия билан очиқ уруш хавфини «юқори», 18 фоизи эса «жуда юқори» деб баҳолаган.

Бу мамлакатлар аҳолиси орасида заифлик ҳисси ҳам кенг тарқалган. Фақат 12 фоиз иштирокчи технология, ҳарбий соҳа, энергия ва озиқ-овқат каби хавфсизлик манбаларининг ҳеч биридан ўзини таҳдид остида сезмаслигини айтган. Таъкидланган таҳдидлар орасида технология ва рақамли хавфсизлик 28 фоиз билан биринчи ўринда, ҳарбий хавфсизлик эса 25 фоиз билан иккинчи ўринда қайд этилган.

Шунингдек, жавоб берганларнинг 69 фоизи Европа Иттифоқи ушбу таҳдидларга қарши курашда қўллаб-қувватловчи ролини кучайтириши керак, деб ҳисоблаган.

Европа Иттифоқига аъзоликни қўллаб-қувватлаш

Ушбу 9 мамлакатдаги иштирокчиларнинг катта қисми ўз мамлакатларининг Европа Иттифоқида қолишини қўллаб-қувватлаган. Жавоб берганларнинг 74 фоизи иттифоқ таркибида қолиш тарафдори эканини билдирган. Бу кўрсаткич Португалияда 90 фоиз, Испанияда 89 фоиз бўлган. Энг паст қўллаб-қувватлаш даражаси эса Польшада 68 фоиз ва Францияда 61 фоиз этиб қайд этилган.

*Давос–2026 ва Трамп даврида АҚШ инқирозининг ошкора намоён бўлиши