Январ 28, 2017 10:43 Asia/Tashkent

716-қисм.“Анкабут” муборак сураси  56-61--ояти карималарининг шарҳи

Суҳбатимиз ибтидосида  “Анкабут” муборак сураси  56-57--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّ أَرْضِي وَاسِعَةٌ فَإِيَّايَ فَاعْبُدُونِ ﴿٥٦﴾ كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ ۖ ثُمَّ إِلَيْنَا تُرْجَعُونَ ﴿٥٧﴾

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Эй иймон келтирган бандаларим, албатта, Менинг ерим кенгдир. Бас, Менгагина ибодат қилинглар. (Сиз Менинг бандамсиз, ер Менинг ерим. Кофирлар бирор жойда иймонингиз учун, дину диёнатингиз учун сизга тинчлик бермаётган бўлса, қийноқ-қистовга олаётган бўлса, Менинг ерим кенг, бошқа томонида яшаб, истиқомат қилишингиз мумкин.) (56) Ҳар бир жон ўлимни топажакдир. Сўнгра Бизгагина қайтарилурсиз. (57)

Бу ояти карималарда бир умумий қоида сифатида буюрилади: Ӯз шаҳар ва Ватанларингга бӯлган муҳаббат сизни иймонингизни   ғанимат билиб яшаш ва Аллоҳга сиғиниш ишидан қайтармасин. Бу дунёда абадий қоламан, деган гумонга борманг. Шу сабабли  бу ҳаётдан мақсад фақатгина мол-дунё йиғиш  ва мавқеингизни қӯлдан бермаслик учун чирранишдан иборат бӯлмаслиги керак. Охиратнинг абадият саройи эканлигини билсангиз, ҳеч қачон ӯзингизнинг юрт ва ватанингизга ҳаддан ташқари кӯнгил қӯймайсиз ва унинг асирига айланиб қолмайсиз.

   Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Яшаш жойини танлашда дин ва иймонимизнинг саломатлигига жиддий эътибор қаратишимиз лозим.
  2. Ӯз дини  муҳофазаси   учун ҳижрат қилиш иймон аҳлининг асосий вазифаларидан биридир.
  3. Ӯз юрти ва минтақасига муҳаббати сабабли Аллоҳнинг йӯлидан адашган кимсаларнинг узри қиёмат куни қабул этилмас.
  4. Ӯлим муқаррар, ундан қочишнинг иложи йӯқ. Шу сабабли тириклик чоғида ӯлимдан кейинги ҳаёт учун ҳам дастурларимиз бӯлиши керак.

Энди “Анкабут” муборак сураси 58-59-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَنُبَوِّئَنَّهُم مِّنَ الْجَنَّةِ غُرَفًا تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا ۚ نِعْمَ أَجْرُ الْعَامِلِينَ ﴿٥٨﴾ الَّذِينَ صَبَرُوا وَعَلَىٰ رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ ﴿٥٩﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни жаннатдан остидан анҳорлар оқиб турган олиймақом жойларга жойлаштирурмиз. У ерда абадий қолурлар. Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши! (58) Улар сабр қилган ва Роббиларигагина таваккул қиладиган зотлардир. (59)

 Бу ояти карималарда Аллоҳ таъоло   иймонлари муҳофазаси йӯлида қийинчиликларга бардош бериб, керак бӯлганда ӯз юртидан ҳижрат қиладиган кишиларга охират куни жаннатнинг энг гӯзал манзилларида яшаб, унинг сон-саноқсиз неъматларидан баҳраманд бӯлиш ваъдасини беради. Бу оятларда иймон аҳлини Аллоҳнинг раҳмати бӯлган жаннатга олиб борадиган учта хусусиятга ишора қилинади. Булар: амал, сабр ва таваккул.

Таъкидлаш жоизким, солиҳ амалларсиз иймон пуч нарсадир. Амал эса сабр-тоқатсиз бирор-бир натижага эришолмайди. Аллоҳга таваккул қилинмаса, сабр ҳам бардавом бӯлолмайди.

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Жаннат ва унинг неъматларини қӯлга киритишнинг шарти иймон ва солиҳ амаллардир.
  2. Мумин кишининг дунёда ӯз иймонини ҳимоя қилиш учун қӯлдан берган нарсасини охират куни Парвардигори карим унданда яхшироғини иноят этади.
  3. Сабр ва истиқомат ҳаётнинг турли босқичларида муваффақиятларни қӯлга киритиш ва қийинчиликларни енгиш рамзидир. Табиийки, душманларнинг озор-азияти ва таҳқирларига нишон бӯлган иймон аҳли бошқалардан кӯра кӯпроқ сабрли бӯлишлари лозим.

Энди  “Анкабут” муборак сураси  60--ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَكَأَيِّن مِّن دَابَّةٍ لَّا تَحْمِلُ رِزْقَهَا اللَّـهُ يَرْزُقُهَا وَإِيَّاكُمْ ۚ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ ﴿٦٠﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир. Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризқга муҳтож бўлганида, уни тановвул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановвул қилади, холос. Аммо ризқ топилмасдан, бирортаси очқаб ўлиб ҳам қолмайди. Ризқини териб еб юраверади. Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган баъзи бир одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар. (60)

 Иймон-эътиқодини муҳофаза қилиш ҳақидаги олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади: куфр ҳукмрон бӯлган юртдан ҳижрат қилганлик сабабли касб-корингиздан қолиб, тирикчилик воситаларини муҳайё қилолмаётганингиздан қӯрқманг. Ҳижрат лозим бӯлган пайти ҳижрат қилинг ва Аллоҳнинг ризқ-руз берувчи эканлигига шак келтирманг. Ер ва осмондаги барча жонзотларга ризқ бераётган Аллоҳ сизни  унутмайди. Ҳатто озуқасини инига ташиб келиб захира қилолмайдиган ва ҳар куни ризқ қидириб чиқадиган ҳайвонларни ҳам қуруқ қайтармайди. Аллоҳ уларнинг ризқини таъминлайди. Ӯшандай жониворлардан кам бӯлмаган инсон сай-ҳаракат қилиб, Аллоҳнинг изни билан ӯз ризқини қӯлга кирита олади.

Ҳижрат туфайли касб-корини қӯлдан берган киши яна бунданда яхшироқ касб-корга эга бӯлиши мумкин. Аммо ҳаётини ширк ва куфр, зулм-ситам ва тоғутларга итоат йӯлида ӯтказса, бундай ҳаётни қайта тиклашнинг имкони йӯқ. Зеро, ширк, куфр ва зулм инсонни инсонийлик меҳваридан хориж айлайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳ йӯлида ҳижрат қилганлар ризқ-руз ғамини емасликлари лозим.
  2. Мумин киши доимо Аллоҳга таваккул қилади. У ризқ-рузимдан қоламан деган хавотирда ӯзининг мусулмончилик вазифаларини бажаришни кечиктирмайди.
  3. Борлиқ оламнинг холиғи бӯлган Аллоҳ таъоло барча жониворлар, жумладан инсоннинг ҳам ризқини таъминлаш усулларини тартибга келтирган.

 

Суҳбатимиз сӯнгида “Анкабут” муборак сураси61--ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَلَئِن سَأَلْتَهُم مَّنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ لَيَقُولُنَّ اللَّـهُ ۖ فَأَنَّىٰ يُؤْفَكُونَ ﴿٦١﴾

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган ва қуёшнию ойни ўз измига қаратган ким?» деб сўрасанг: «Аллоҳ», дерлар. Бас, унда қаёққа бурилмоқдалар?! (61)

Маккада яшаб, бутларга сиғинган мушриклар Худони яратувчи сифатида тан олишарди.Аммо барча ишларининг тадбири Қуёш, Ой, Юлдузлар ва ердаги кӯпгина бутларнинг ихтиёрида, деган ақидада эдилар. Уларнинг фикрича, тақдирлари ва ҳатто ризқ-рузлари Худога боғлиқ эмас.

Ажабланарлиси шундаки, бугун ҳам жуда кӯп кишилар Аллоҳнинг яратувчилигини тан олишади, аммо унинг қонунларига амал қилишмайди. Бу гуруҳнинг фикрича инсоният қандай хоҳласа, шундай яшаши керак, у яшаш тарзини белгилашда Аллоҳга муҳтож эмас.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Эътиқод соҳасидаги баҳсларни ӯзаро муштарак жиҳатларни  таъкидлашдан бошлаш лозим. Мусулмонлар ва Макка мушрикларининг муштараклиги Аллоҳнинг яратувчи эканлигига эътиқод қилиш эди.
  2. Ҳақ йӯлдан чекиниш барчага бирдек таҳдид қилувчи хавф-хатардир. Аллоҳнинг яратувчилигини тан олиб, унинг оламнинг бошқарувчиси эканлигини тан олмасликнинг ӯзи Ҳақ йӯлдан адашишдир.