феврал 11, 2017 15:31 Asia/Tashkent

Амир Хусрав Деҳлавийнинг "Хамса"си

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз  ҳам машҳур  шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг  ҳаёти ва ижоди борасида бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Амир Хусрав достонидаги ошиқ ва маъшуқа учрашуви тасвирланган эпизод, айниқса, таъсирлидир. Достон қаҳрамонларининг ишқи муайян, ҳаётий, инсоний муҳаббат эди. Мажнун ва Лайли ўғринча, муваққат, ғайриқонуний висолга интила олмасдилар, улар бунга қобил эмасдилар, зеро, бу пок инсонлар наздида муносиб туйғу эмас. Шунинг учун ошиқлар қалби нақадар оловли эҳтиросларга лиммо-лим бўлмасин, улар орасидаги иффату одоб чегаралари ҳам шунчалик юксак эди. Улуғ устозлар меросига боқийлик бахш этувчи юксак ҳақиқатлар, “илоҳий мўъжизалар” айни шундай тасвирларда намоён бўлади. Шоирнинг ўзи бу ҳақда “Оллоҳ хазинасидан бир сир”, дейиш билан кифояланиб қўя қолган. Низомий “Хамса”сининг тўртинчи достони шоҳ Баҳромнинг саргузаштларидан ҳикоя қилувчи “Ҳафт пайкар” (“Етти гўзал») бўлса, Амир Хусрав салафи тартибини бузиб, Искандар ҳақидаги достонни тўртинчи ўринга кўчирди. Бу жангнома йўналишидаги асарда Амир Хусрав ўз салафи Низомий айтганларини қайтармоқчи эмас, балки унинг тасвиридан тушиб қолган ёки нотўғри талқин қилинган ўринларни, “ятим” дурларни (“дурри ятим” – шаҳвор, йирик марварид маъносини ҳам билдиради) бир жойга йиғиб, китобхонга тақдим қилмоқчи бўлади.
“Ойинаи Искандарий” (“Искандар кўзгуси”) деб номланган ушбу достоннинг асосий қисми “давлат” тушунчасини шарҳловчи кичик дидактик боб билан бошланади. Ўрта аср кишиларининг дунёқарашида “давлат” тушунчаси катта моҳият касб этган. У ҳам “омад”, “тақдир инояти”, ҳам “мол-дунё”, ҳам “ҳокимият” маъноларини ўзида жамлаб келган. Илғор фикр намояндалари эса уни инсоннинг ички маънавий бойлиги маъносида ҳам талқин қилганлар. Асарнинг асосий ғояси шуки, “Ўзгаларга ситам етказувчи бахтли ва шодон ҳаёт эгаси бўла олмайди, чунки бахт ва давлат қарзга олинмайди”.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Амир Хусрав “Хамса”сининг бешинчи достони “Ҳашт биҳишт” (“Жаннатнинг саккиз боғи”)да унинг ижоди сув ичган сарчашмалар – Марказий Осиё, форс ва ҳинд унсурлари ўзаро ажойиб бир уйғунлик ҳосил қилган. Бокаччонинг “Декамерон”идан 50 йил бурун ёзилган ушбу асар қаҳрамонларининг ғаройиб ва ранг-баранг саргузаштлари, эртакнамо сеҳрли мужассамалар, гапирувчи тўтилар, кишилар жонининг танадан танага кўчиб юришлари, ҳазиломуз “шумликлар”, уддабуронликлар, бир томондан, Туркистон халқ ижоди учун ниҳоятда хос бўлган киноя, кўпмаъноли ва тагдор жумла қуриш услубини, халқ китобларидаги машҳур айёрларнинг қилмишларини эслатса, иккинчи томондан, маҳаллий ҳинд халқининг урф-одатлари, хурофий ва асотирлик тушунчалари, беқиёс гўзал санъатини эсга солади. Амир Хусрав қиссаларида оддий фуқаронинг уддабуронлиги ва яратувчилик қудрати, ҳунар аҳлининг ақли ва идроки шоҳ саройи ва унинг хўжаларига хос маънавий тубанлик, иродасизлик ва тутуруқсизликларга қарама-қарши қўйилади.

Алишер Навоий ўз достонлари ҳақида “зоҳир юзидан афсона” деган эди. Минг афсуски, дарҳақиқат, ўтган аср авлодига буюк устозларнинг назм дурдоналари ушбу “афсона” даражасида, юзаки талқин этилиб, тушунтириб келинди. Бугунги  ҳурлик замонида энди маънавиятнинг асл моҳияти ҳақида очиқ-ойдин гапириш, фикр юритиш имконияти мавжуд экан, ўтмиш устозлар ижодига жиддийроқ назар ташлаш, улар моҳиятининг теранроқ таҳлилига ўтиш ўзимиз учун ҳам, ёш авлод маънавий тарбияси учун ҳам айни фарздир.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Амир  Хусравнинг  гўзал бир ғазалини  эътиборингизга ҳавола этамиз.

Азизим, жилвагар қил ўзгалар наздида бўстонни,

Мени тўсма, тамошо айлай ул сарви хиромонни.

Лабин  фикру хаёлига асир ўлдим, ажаб эрмас

Агар ҳар дам чибин кўрса тушида шакаристонни.

Қаро қилдинг лаб устин, нега мен ул нуқтани севмай,

Ижозат бер ўпай бир йўлгина ул меҳри унвонни.

Паришонлик агар қоним  учун келса  у кўнглига,

Сира ранжишлигини истамам ул нопушаймонни.

На бўлғай хаста жонинг охири, деб сўрмагил мендан

Қачонлардир унутганман унинг ёдида бу жонни.

Ўлим завқида  жон бирла ўпай тошингни, отсангчи,

Урарман меҳр  тошин  бошима, ўтказма бу онни.

Эсанг бадном менимчун, бир қараб ўлдир шунга зормен,

Ўзингга не учун қилдинг  қийин бу хилда осонни.

Эшит зинҳор бу сўзни, агар қатлимни хоҳлабсан,

Бу кун бир йўл шафеъ қил, мен  учун ул лаъли хандонни.

Сочингдан ҳам паришонроқ паришонликдир аҳволим,

Нечун тилга олур  Хусрав  бўлак зулфи паришонни.

Амир Хусрав “Хамса”нинг сўнгги достони “Ҳашт биҳишт”ни 1302 йилда тугатди. Орадан 14 йил ўтиб, 1315-1316 йилларда шоирнинг яна бир шоҳ асари — “Дўвалрони ва Хизрхон” достони яратилди. Унда тарихий шахслар – Деҳли султони Алоуддин Хилжийнинг катта ўғли Хизрхон ва Гужарот рожаси Карннинг қизи Девалдининг бир-бирига муҳаббати эҳтиросли мисраларда тасвир этилади. Хизрхон – турк-мусулмон шаҳзодаси, Девалди – асира ҳинд маликасидир. Улар болаликдан бирга ўсиб, бир-бирига меҳр қўйганлар, аммо бўйи етгач, уларни ажратишади. Кўп қийинчиликларни енгиб ўтиб, севишганлар бир-бирларининг висолига етади, бироқ яна сарой фитналари, тошбағир султон ва унинг фирибгар аъёнлари ошиқ Хизрхон бошига кулфатлар келтирадилар.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.