март 01, 2017 15:41 Asia/Tashkent

Исломга оид Ғарб назариётчиларининг фикрлари

Аллоҳ таоло номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Такфирий жараёнлар ёхуд  бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, олдинги  суҳбатимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Барча мутахассисларнинг умумий фикрига кўра, Ислом тарқалган ҳудудлардаги мамлакатларда авторитар тузумларнинг порахўрлик даражаси дунёда энг юқори бўлгани туфайли минтақа ва жаҳон ҳамжамияти тараққиёти умумий йўли ва тамойилларидан фарқлидир. 1990 йиллар бўсағасида мусулмон дунёсида ҳукмрон элитани алмаштириш жараёни бошланди ва бу кутилмаган самараларни ҳам бериши мумкин эди. Лекин бу жараён ҳозир жуда мураккаб ва оғриқли кечяпти. Жаҳоннинг етакчи сиёсатдонлари воқеалар ривожининг ўзларига мақбул бўлмаган тусга кириб кетишига йўл қўймаслик учун назоратни батамом ўз қўлларига олишга интилишмоқда.

Ғарбда Ислом асосан тараққиётнинг ҳар қандай фойдали дастурига бир тўғаноқ, марксча таъбир билан айтганда, “ишлаб чиқаришнинг осиёча усули”га устқурма, қандайдир бир хил, қотиб қолган, доимо назорат қилиб, тўсиб турилиши ва имконияти туғилса йўқ қилиниши лозим бўлган феномен сифатида қабул қилинади.
 Бундай фикрларни бошқа кўплаб таҳлилчилар ва мутахассислар ҳам айтишади.
Ғарбнинг бу соҳада тутган йўли устозлик ва айни пайтда назоратчиликдан иборат.  
Ислом ҳаётнинг барча жабҳаларини тартибга солишнинг ахлоқий-маънавий жиҳатларинигина эмас, балки қадриятлари ва дунёқараши тизимининг таклиф этилаётганидан ҳам аълороғига эгалиги учун энг аввало АҚШнинг янгича либераллаш ва  тубдан ўзгартириш, яккаҳокимлик интилишларига тўсқинлик қилмоқда.  
Бу эса, жаҳондаги “умуминсоний қадриятлар” устига қурилган янгича либерал тартибнинг, Ғарбнинг ўз табиатига кўра оммавий саналган маданияти маҳсулотларини истеъмол қилиш ва қайта ишлашнинг бутун режасини бузиб юборяпти.
Замонавий услубдаги глобаллашувни  ғарблаштириш ва «анъанавий» қадриятларни «замонавий»лари билан алмаштиришни назарда тутувчи тубдан қайта ўзгартиришсиз англаш қийин. Ислом эса бундай лойиҳага мутлақо мос келмайди.  
Ислом дунёсида инсон шахсиятини дин, анъаналар, оила, тарих ва жамият шакллантиради. Глобаллашув эса буларнинг ҳаммасини “оммавий маданият” билан алмаштиришга, яъни, назорат қилиниши мумкин бўлган янги инсон шахсиятини шакллантиришга уринади.

Устига-устак бундай одамнинг ўзи ушбу тузумнинг иштирокчисига айланади ва унинг қонунларига асосланган ўз фаолиятида тузумни қўллаб-қувватлайди, мустаҳкамлайди ва ривожлантиради.
 Шу муносабат билан тўқсонинчи йиллар бошида “тарихнинг интиҳоси”ни, яъни ғарб либерал-демократик қадриятларнинг тўла ғалабасини эълон қилган америкалик етакчи таҳлилчилардан бири Фрэнсис Фукуяма бундай дея таъкидлаган эди: “Афсуски, биз қаршисида турган асосий тўқнашув тушунчаси анча кенгроқ ва фақат у террорчиларнинг кичикроқ гуруҳларинигина эмас, балки радикал исломчилар ва мусулмонларнинг бутун жамоасини қамраб олади. Улардаги диний ўхшашлик бошқа барча сиёсий қадриятларни ювиб кетади” (Ф. Фукуяма. “Тарих яна бошландими?”, “Огонек”, 2002 йил 2 декабр, М.)
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги  дастуримизда   "Такфирий жараёнлар  ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги    сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти   ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

 Бу ерда Фрэнсис Фукуяма айтаётган “диний ўхшашлик” ҳар қандай мусулмон учун аниқ ифодаловчи саналади, чунки бу мусулмон эътиқодининг ажралмас қисми эканига эътибор қаратиш лозим бўлади. У мазкур гапи билан “асос тўқнашув” бугун айнан Ислом ва у тарқалаётган дунё ўртасидадир, демоқчи бўлади.
 Америкалик бошқа бир мўътабар сиёсатшунос, Гарвард университети қошидаги Ж. Олин номидаги стратегик тадқиқотлар институти директори, “тамаддунлар тўқнашуви”  ғояси муаллифи Самуэл Хангтинтон ҳам шунга ўхшаш хулоса чиқаради.
Унинг илмий ишларида бугунги кундаги энг муҳим дунё муаммоларидан бири Ислом шиори остидаги террорчилик ёки экстремизмда ва ҳатто Ислом ақидапарастлигида ҳам эмас, балки Исломнинг ўзидадир, деган фикрни учратиш мумкин.
Шу муносабат билан Исломнинг ўзини ислоҳ қилиш, қандайдир “мўътадил Ислом”ни яратишга уриниш ишлари анча фаоллашди.

Бошқа томондан Ғарбда тўртинчи Интернационал ва маочиликнинг “жаҳон коммунистик инқилоби” лойиҳаси инқирозидан кейинги ҳозирги шароитда Ислом, аниқроғи унинг сиёсий таълимоти “жаҳон инқилоби” ғояси учун ниқоб бўлишидан хавфсирашяпти.
 Россиялик сиёсатшунос Борис Межуев бундай таъкидлайди: “Айнан шу ниқобнинг танланиши сабаби, афтидан, Исломнинг дин сифатидаги хусусиятлари билан жуда кам даражада ҳисоблашишдадир. Асосий масала шундаки, марказдан узоқдаги халқларни оламшумул камситиш Ислом дунёсини махсус маданий усулда хўрлаш билан бир хил чиқиб қолди.  
“Жаҳон инқилоби”нинг айни ниқоби афзаллиги яна шундаки, Исломнинг тамаддун сифатида “ядро” давлати, геосиёсий таъсир ўтказа оладиган ва шу сабабга кўра Ислом ўзининг тарихий тақдирини боғлайдиган қудратли салтанати бўлмаган. Агар Исломнинг обрўсини диннинг барча мухлислари эътироф этадиган худди шундай давлати, ўзининг Учинчи Рими бўлганида эди, у билан қандайдир шартномалар тузса бўларди. Лекин ҳамма муаммо шундаки, Исломда бундай давлат йўқ ва бу нарса мазкур динни дунё тартибини тубдан ўзгартиришни истаган кучлар қўлида яхшигина қурол қилиб қўяди” .

Ислом тарқалган ҳудудларга эътибор кўп жиҳатдан унинг иқтисодий ва хомашё салоҳияти билан боғлиқдир. Ушбу салоҳият турли-туман сабабларга кўра, шу жумладан айнан мусулмонларнинг айби билан  ишга солинмаётир.
   Фақат араб дунёсида қишлоқ хўжалигига яроқли ерларнинг майдони 500 миллион гектар атрофида. Бундан атиги 70 миллион гектаридан, шу жумладан суғориладиган ерларнинг 10 миллион гектаридан фойдаланилмоқда, холос.

Сув захиралари деярли 390 миллиард кубометрни ташкил этади, бундан фақат 175 миллиардигина ишлатилади.
  Қадрли  тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.