март 02, 2017 13:09 Asia/Tashkent

721-қисм.« Рум " муборак сураси 14-19-ояти карималарининг шарҳи

Суҳбатимиз ибтидосида  « Рум " муборак сураси 14-16-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ يَوْمَئِذٍ يَتَفَرَّقُونَ ﴿١٤﴾ فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فَهُمْ فِي رَوْضَةٍ يُحْبَرُونَ ﴿١٥﴾ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُوا وَكَذَّبُوا بِآيَاتِنَا وَلِقَاءِ الْآخِرَةِ فَأُولَـٰئِكَ فِي الْعَذَابِ مُحْضَرُونَ ﴿١٦﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Қиёмат қоим бўлган куни, ўша куни (гуруҳларга) бўлинурлар.   (14) Бас, иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, улар жаннатда шодланурлар. (15) Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар, азобга ҳозир қилинурлар. (16)

Бу ояти карималарда келтирилишича, дунё одамлари қиёмат куни икки гуруҳга бӯлинадилар: иймон ва солиҳ амаллар гуруҳи ҳамда куфр ва Ҳақни инкор қилувчилар гуруҳи. Одамларни дунёда бир-биридан ажратиб, гуруҳларга табақалаштирган ёш, саводхонлик даражаси, жинс, ирқ, тил, мол-мулк, мансаб-мартаба каби нарсалар қиёмат куни таъсир этолмайди. Қиёмат куни одамларни бир-биридан фарқловчи ягона нарса иймон ва куфрдир.

Қизиғи шундаки, жаннатга кириш учун ёлғиз иймоннинг ӯзи кифоят қилмайди. Бунинг учун яхши ва эзгу, яъни солиҳ амалларни ҳам бажариш лозим.  Аммо дӯзахга кириш учун ёлғиз куфрнинг ӯзи етарли. Зеро, куфр энг улкан зулмдир.

  Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қиёмат покларнинг нопоклардан, яхшиларнинг ёмонлардан фарқланадиган кунидир.
  2. Эзгу иш ӯта қадрлидир. Зеро, у Илоҳий илдиз ва тамойилга эга бӯлиб, Аллоҳга бӯлган иймондан сув ичади.
  3. Илоҳий оятлар ва қиёмат кунини инкор қилишнинг илдизи  инсондаги куфр ва саркашлик руҳиясидир.
  4.  Инсоннинг шу дунёдаги яхши амаллар ва  яшаш тарзи унинг охират кунидаги даражасини белгилайди.

Энди  «Рум" муборак сураси  17-18-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

 فَسُبْحَانَ اللَّـهِ حِينَ تُمْسُونَ وَحِينَ تُصْبِحُونَ ﴿١٧﴾ وَلَهُ الْحَمْدُ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَعَشِيًّا وَحِينَ تُظْهِرُونَ ﴿١٨﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинг.  (17) Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам (поклаб ёд этингиз). (Дунёда барча ҳамду сано, мақтов Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Сизлар Унга оқшом ва пешин пайтларида ҳам тасбиҳ айтингиз. Яъни, пешин ва аср намозларини қоим қилинглар.) (18)

Айрим муфассирларнинг фикрича, бу ояти карималарда кеча-кундуз давомида фарз бӯлган намозларнинг вақтига ишора қилиниб, буюрилади: Субҳ ва шом, пешин ва аср пайти Аллоҳни эсланг, ҳамда Унинг ҳамду тасбиҳи билан машғул бӯлинг. Зеро, бутун борлиқ олам Аллоҳнинг поклиги ва буюклигига гувоҳлик беришади. Аслида борлиқ олам Ул зотнинг чексиз илм ва қудрати нишоналаридир. Ҳа, ширкдан узоқлашиш мақсадида ҳамма ҳолатда Аллоҳга тасбиҳ айтиш лозим. Қалб ва тил билан Уни ҳар қандай шерик, айб ва нуқсондан пок деб билиш шарт.

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Барча замонлар ва барча маконлар (осмонлар ва ер)да Аллоҳга тасбиҳ айтиш энг олий қадриятдир.
  2. Аллоҳга тасбиҳ айтиш ва уни ҳар қандай айбу нуқсондан пок деб билиш  Унга шукроналар келтириш заминасини муҳайё айлайди. Шу сабабли Аллоҳга ҳамд ва мақтовлардан Унга тасбеҳ айтиш олдин келган.

 

Энди  «Рум" муборак сураси  19-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

 يُخْرِجُ الْحَيَّ مِنَ الْمَيِّتِ وَيُخْرِجُ الْمَيِّتَ مِنَ الْحَيِّ وَيُحْيِي الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا ۚ وَكَذَٰلِكَ تُخْرَجُونَ ﴿١٩﴾

Бу ояти  карима   қуйидагича таржима қилинган:

У ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш сиз ҳам чиқарилурсиз. (Ҳар бир сонияда қандайдир ўсимлик қурийди, бошқаси уруғдан чиқади. Кимдир ўлади, кимдир туғилади. Бу нарса ерда ҳам, кўкда ҳам, сувда ҳам бўлиб туради. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган ушбу жараёнларнинг ҳар бирини Аллоҳ таоло амалга оширади.) (19)

Қиёмат кунини инкор қилувчиларга жавоб сифатида бу ояти каримада шу дунёдаёқ ӯликларнинг тирилиши намуналарига ишора қилиб, буюради: Нега қиёмат куни ӯлганларнинг тирилишини имконсиз деб биласиз, эътибор қаратмайсизми, Аллоҳ таъоло доимий равишда тирилтиради ва ӯлдиради. Қиш фаслида дарахт ва гиёҳлар ӯлади, баҳор келиши билан улар қайта тирилишади.Бу ҳол ҳар йили кӯзингизнинг олдида  такрор бӯлади. Бундан ташқари ҳар йили миллионлаб гиёҳ, гул ва бутталар жонсиз тупроқ бағридан бош кӯтариб, оламни яшнатишади, аксинча,  жуда кӯп жонли мавжудотлар жонсиз ҳолатга келиб, тупроққа айланишади.

Биз истеъмол қиладиган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари жонли мавжудот эмаслар, аммо жисмимизга қоришгач, тирик ҳужайраларга айланишади.

Табиат низомида доимий равишда ӯлим бағридан ҳаёт ва ҳаёт бағридан ӯлим вужудга келаверади. Бу Холиқи яктонинг охират куни ӯликларни тирилтириш қудратини англаш учун энг яхши мисолдир.

Албатта, бу ояти карималарни маънавий жиҳатдан ҳам шарҳлаш мумкин. Айрим ривоятларда кофирдан мумин ва мумин кишидан кофирнинг туғилиши, шунингдек, олимдан жоҳил ва жоҳилдан олимнинг туғилиши ҳам ӯликдан ҳаёт ва ҳаётдан ӯлимнинг келиб чиқиши сифатида тафсир қилинган.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Таффаккур юритувчи фаросатли инсон шубҳасиз, қиёматнинг мавжудлигига эътиқод қилади. Зеро, Аллоҳ таъоло  мавжудотни ӯлдириш ва тирилтиришдаги қудратини шу дунёдаёқ намойиш этган.
  2. Бу дунё низомида мавжудотнинг ӯлиш ва тирилиш тарзининг такрорланиши мавжуд бӯлиб, бу жараён қиёматгача давом этади.