Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси
Ислом оламидаги имкониятлар
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги суҳбатимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Фрэнсис Фукуяма айтаётган “диний ўхшашлик” ҳар қандай мусулмон учун аниқ ифодаловчи саналади, чунки бу мусулмон эътиқодининг ажралмас қисми эканига эътибор қаратиш лозим бўлади. У мазкур гапи билан “асос тўқнашув” бугун айнан Ислом ва у тарқалаётган дунё ўртасидадир, демоқчи бўлади.
Америкалик бошқа бир мўътабар сиёсатшунос, Гарвард университети қошидаги Ж. Олин номидаги стратегик тадқиқотлар институти директори, “тамаддунлар тўқнашуви” ғояси муаллифи Самуэл Хангтинтон ҳам шунга ўхшаш хулоса чиқаради.
Унинг илмий ишларида бугунги кундаги энг муҳим дунё муаммоларидан бири Ислом шиори остидаги террорчилик ёки экстремизмда ва ҳатто Ислом ақидапарастлигида ҳам эмас, балки Исломнинг ўзидадир, деган фикрни учратиш мумкин.
Шу муносабат билан Исломнинг ўзини ислоҳ қилиш, қандайдир “мўътадил Ислом”ни яратишга уриниш ишлари анча фаоллашди.
Бошқа томондан Ғарбда тўртинчи Интернационал ва маочиликнинг “жаҳон коммунистик инқилоби” лойиҳаси инқирозидан кейинги ҳозирги шароитда Ислом, аниқроғи унинг сиёсий таълимоти “жаҳон инқилоби” ғояси учун ниқоб бўлишидан хавфсирашяпти.
Ислом тарқалган ҳудудларга эътибор кўп жиҳатдан унинг иқтисодий ва хомашё салоҳияти билан боғлиқдир. Ушбу салоҳият турли-туман сабабларга кўра, шу жумладан айнан мусулмонларнинг айби билан ишга солинмаётир.
Фақат араб дунёсида қишлоқ хўжалигига яроқли ерларнинг майдони 500 миллион гектар атрофида. Бундан атиги 70 миллион гектаридан, шу жумладан суғориладиган ерларнинг 10 миллион гектаридан фойдаланилмоқда, холос.
Сув захиралари деярли 390 миллиард кубометрни ташкил этади, бундан фақат 175 миллиардигина ишлатилади.
Деҳқончилик самарадорлигини салгина яхшилаш ҳар йили 200 миллион тоннагача ғалла йиғиб олиш имконини берган бўлур эди, ҳозир эса атиги 27 миллион тонна ҳосил олинади.
Нефт араб давлатларининг умумий хазинасига ҳозирги 84 миллиард ўрнига йилига 300 миллиард долларгача маблағ тушириши мумкин. Яна шуниси муҳимки, яқин келажакда куррамизнинг бошқа минтақаларида нефт тугаши натижасида Ислом дунёси деярли нефт яккиҳокими (монополисти) бўлиб қолади. Ҳозирги пайтнинг ўзидаёқ Яқин Шарқнинг нефт захиралари жаҳон нефтининг учдан икки қисмини ташкил этади. 1997 йил кўрсаткичларига кўра, Яқин Шарқ мамлакатларининг нефт захиралари жаҳондаги умумий нефтнинг 65,2 фоизини ташкил этди. Таққослаш учун маълумотлар: Шимолий Америка жаҳон жами нефтининг 8,3 фоизини, Марказий ва Жанубий Америка мамлакатлари – 7,6, собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари – 6,4, Африқо – 6,4, Осиё ва Тинч океани ҳавзаси – 4,1, Оврупа мамлакатлари эса атиги 2 фоизини беради (British Petroleum Statistical Review of World Energy, London, 1997, стр. 4).
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Қайта тикланмайдиган энергия ресурслари устидан назорат муаммоси умуман куррамиздаги вазиятни тўғри англашда ўта муҳим омил ҳисобланади. Мутахассисларнинг турли тахминларига кўра, Ердаги нефт ва газ захиралари бир неча ўн йилларга етади, холос. Агар энергиянинг янги манбалари очилмаса, жаҳон иқтисодиётини жиддий муаммолар кутиб турибди.
Шу муносабат билан жаҳон сиёсатининг катта ва кичик ўйинчилари нефт ва газ захиралари устидан назоратни қўлга олишга интилмоқда. Бугунги кунда можаро ва тўқнашувларнинг асосий майдони айнан асосий нефт захиралари жойлашган ҳудудлар бўлаётгани бежизга эмас.
Шу жиҳатдан “Янги юз йиллик учун АҚШ миллий хавфсизлиги стратегияси” (A national Security Strategy For a New century, 1998, Wash, 1998 г.) расмий ҳужжатида табиий ресурслар тугашининг умумжаҳон келажаги мутлоқ Қўшма Штатларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилгани эътиборга молик.
“Бошқа мамлакатларнинг” ўз табиий ресурсларидан чекланмаган ҳолда фойдаланишлари эҳтимоли миллий манфаатларга хавф тарзида баҳоланади. Шу тариқа Вашингтон бутун дунё табиий ресурсларини ўзининг муҳим ҳаётий манфаатлари тоифасига киритади. Бунинг устига ўша “Стратегия” муаллифлари АҚШ бу манфаатларни ҳимоя қилиш учун ҳамма ишни қилишга, шу жумладан, зарур бўлиб қолганида ўз ҳарбий қудратини “қатъий ва бир томонлама” қўллашга ҳақли, деб ҳисоблашади.
Ислом тарқалган ҳудудлар глобал геосиёсий зиддиятлар марказига тушиб қолди. АҚШ бошқа барча куч марказларини ортда қолдириб, стратегик жиҳатдан бу муҳим минтақада тобора кўпроқ ўрнашиб оляпти. Чунки бу ҳудудлар устидан назорат ўрнатилиши Оврупа, Осиё ва Африқо, Атлантика, Ҳинд ва Тинч океанларини туташтирувчи йўлларни назорат қилишни таъминлайди.
Шу муносабат билан Самир Амин бундай ёзади: “Глобал иқтисодиётда АҚШ улуши бир неча ўнйилликлар мобайнида камайиб боряпти. Лекин шунга қарамай, дунёдаги жами қурол-яроғнинг тенг ярми Америка ҳиссасига тўғри келади. АҚШ Ғарбий Оврупа, Япония ва Лотин Америкасининг айрим йирик мамлакатларидан фарқли ўлароқ саноатнинг на“анъанавий”, на янги тармоқларида иқтисодий ўсишга эришмаётир. Шунинг учун Қўшма Штатлар иқтисод соҳасидаги муваффақиятсизликларини ўзининг ҳарбий имкониятлари билан қопламоқчи бўлаётир. Бу режани амалга ошириш учун биринчи ҳужум майдони ҳам тайёрлаб қўйилди: бу Болқондан Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёгача чўзилган ва мусулмон мамлакатларини ҳам қамраган минтақадир. АҚШ бу минтақани биринчи ҳужум учун танлагани бежизга эмас: у шу йўл билан Ягона Оврупа, Россия, Хитой ва Ҳиндистон каби супердавлатлар, яъни ўз рақобатчиларининг шаклланиш жараёнига тўсқинлик қилмоқчи. Америка бу мамлакатларнинг жаҳон айвонида мустақил куч-қудрат марказлари бўлишларига халақит беришга интилмоқда.
Қадрли тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.