март 15, 2017 15:27 Asia/Tashkent

Ироққа бўлган ҳужум

Аллоҳ таоло номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Такфирий жараёнлар ёхуд  бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларда таъкидлаб ўтганимиздек, Ислом тарқалган ҳудудлар глобал геосиёсий зиддиятлар марказига тушиб қолди. АҚШ бошқа барча куч марказларини ортда қолдириб, стратегик жиҳатдан бу муҳим минтақада тобора кўпроқ ўрнашиб оляпти. Чунки бу ҳудудлар устидан назорат ўрнатилиши Оврупа, Осиё ва Африқо, Атлантика, Ҳинд ва Тинч океанларини туташтирувчи йўлларни назорат қилишни таъминлайди.
 Шу муносабат билан Самир Амин бундай ёзади: “Глобал иқтисодиётда АҚШ улуши бир неча ўнйилликлар мобайнида камайиб боряпти. Лекин шунга қарамай, дунёдаги жами қурол-яроғнинг тенг ярми Америка ҳиссасига тўғри келади. АҚШ Ғарбий Оврупа, Япония ва Лотин Америкасининг айрим йирик мамлакатларидан фарқли ўлароқ саноатнинг на“анъанавий”, на янги тармоқларида иқтисодий ўсишга эришмаётир. Шунинг учун Қўшма Штатлар иқтисод соҳасидаги муваффақиятсизликларини ўзининг ҳарбий имкониятлари билан қопламоқчи бўлаётир. Бу режани амалга ошириш учун биринчи ҳужум майдони ҳам тайёрлаб қўйилди: бу Болқондан Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёгача чўзилган ва мусулмон мамлакатларини ҳам қамраган минтақадир. АҚШ бу минтақани биринчи ҳужум учун танлагани бежизга эмас: у шу йўл билан Ягона Оврупа, Россия, Хитой ва Ҳиндистон каби супердавлатлар, яъни ўз рақобатчиларининг шаклланиш жараёнига тўсқинлик қилмоқчи. Америка бу мамлакатларнинг жаҳон айвонида мустақил куч-қудрат марказлари бўлишларига халақит беришга интилмоқда.

Ироқнинг ҳужум объекти сифатида танланиши унинг Қўшма Штатларнинг маданий душмани бўлмиш минтақанинг марказида экани билан белгиланади. Бу танловни тамаддунлар можароси деб бўлмайди. Бу содда тушунчаларнинг бирортаси ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди, гап фақат бу минтақанинг халқаро тизим занжиридаги бўш ҳалқа эканида. Айнан шу минтақага ортидан кучли жавоб зарбаси келишидан қўрқмай ҳужум қилиш мумкин”.
 Қўшма Штатлар томонидан Яқин Шарқни қайта тузишни амалга ошириш бир неча лойиҳалар асосида, шу жумладан, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги бир қатор тадбирларни ўз ичига олган “Катта Яқин Шарқ” лойиҳаси доирасида режалаштирилмоқда. Бу режалар АҚШнинг халқаро тартибларни ўз раҳбарлиги остига олиш доирасида мусулмон дунёсининг ягона хўжалигини шакллантириш бўйича олдинги лойиҳаларидан ўсиб чиқди.
Йигирма биринчи асрда Яқин Шарқнинг барча минтақаларини бошқаришнинг қўмондонлиги вазифаси гоҳ “Исроил”га, гоҳ бошқа айрим марказларга топширилади.  
Дунёдаги мусулмон аҳоли сонининг ўсиши, энг аввало кўп туғилиш ҳисобига кўпайиши ва яна бир жиҳатдан Исломга кирувчилар сонининг ортиши Ғарбда жиддий хавф туғдирмоқда. Чунки бу нарса қизиққонликка бориб, ғоя йўлида ҳамма нарсага тайёр ёшлар ва ўсмирларнинг бошқариб бўлмайдиган ҳаракатларига олиб бориши мумкин.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги  дастуримизда   "Такфирий жараёнлар  ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги    сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти   ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Умуман Ислом дунёси эргашувчилари даражасининг юқорилиги билан қўрқитмоқда. Сотсиолог олимлар йигирма биринчи асрда Ислом бошқа динларга қараганда тез тарқалишини таъкидлашяпти. Ҳозирнинг ўзида мусулмонлар сони 1,2 – 1,4 миллиардга етган, бу рақамнинг йилига тахминан 2,75 фоиздан кўпайиши кутилмоқда. Бу маълумотларни протестантларнинг Исломга хайрихоҳлиги ҳам бўлмаган “Худо учун яшаш” номли нашри келтиради.
Бошқа маълумотларга кўра, 2025 йилга бориб дунёдаги мусулмонлар сони бутун инсониятнинг 30 фоизини ташкил этади (А. Уткин. “Мировой порядок ХХI века”, М., 2001 й. 433-бет).
 Бу ўринда БМТ маълумотларини ҳам эътиборга олиш ортиқчалик қилмайди. Уларга биноан 2020 йилга бориб аҳолининг энг кўп ўсиши асосан мусулмон мамлакатларида кузатилади. Булардаги ёшлар ҳиссаси 57 фоизни ташкил этади, аммо уларнинг ижтимоий муҳитга уйғунлашиб кетиши учун етарли шароит бўлмайди. Бунинг устига Оврупа ва Шимолий Американинг тубжой аҳолиси камайиб кетади ва қарийди. (Қаранг: «UN, Population Division, Department of Economic and Social Affairs» // «World Population Prospects: 2000 Revision». – 02.2001. New York).
“Совуқ уруш” тугаганидан кейин Ғарбга, энг аввало АҚШга геосиёсий душман тимсоли керак эди, чунки шуни баҳона қилиб ресурсларни ўз манфаатларини ҳимоя қилишга сафарбар этиш имкониятини топиш мумкин бўларди. Бир пайтлар Англия Бош вазири Маргарет Тэтчер НАТО қўшилмасини асраб қолиш заруриятини асослаш мақсадида: “Ғарб тамаддунига коммунизмдан ҳам каттароқ хавф  бор ва бу Исломдир”, деган эди.
10. Жаҳон сиёсатининг етакчи ўйинчиларини анъанавий Ислом тарқалган ҳудудларнинг портлаб кетиш хавфи ҳам қўрқитади. Чунки улар наздида бу нарса Ер куррасининг катта қисмини пароканда қилиб ташлашга етарлидир. Бунинг устига бу минтақаларда уларнинг манфаатлари мос келса ҳам, кўп ҳолларда тўқнашиб туради. Исломда клерикал уюшма (мамлакат сиёсий ва маданий ҳаётига таъсир ўтказувчи оқим) ва ягона бош руҳоний тизимининг йўқлиги ҳам ташвишга солади. Чунки умумжаҳоний элита томонидан Ислом дунёсини бошқарилишини пировард мақсад қилган сиёсий ўйинларни ташкил этишда бунга “суяниш” мумкин бўлур эди.  
Ислом рибонинг (судхўрликнинг) барча шаклларини, яъни фоизга қарз бериш, молиявий найранглар асосига қурилган иқтисодиётни қатъиян рад этади. Бу билан у бутун умумжаҳон (глобал) иқтисод тизимига ўзини қарши қўяди.
Исломнинг бесоқолбозлик каби иллатларни кескин қоралаши ҳам айрим юқори мартабали доираларда жиддий безовталик пайдо қилади. Сиёсатдаги хизмати тобора катталашаётган бу омилни ҳам эътибордан четда қолдириш ярамайди.Назаримизда, Ғарб дунёсининг Исломга қарши кенг кўламда уруш бошлашига сабаб бўлувчи омиллар ана шулардан иборат.

Қадрли  тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.