август 08, 2016 05:00 Asia/Tashkent

Бугун душанба, ҳижрий-шамсий 1395 йил мурдод ойининг 18-си,

Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!

"Тарихнинг ўчмас кунлари" унвонли кундалик эшиттиришнинг янги сони билан камина Кўҳёр Аршадниё хазматингиздаман.

Бугун душанба, ҳижрий-шамсий 1395 йил мурдод ойининг 18-си, ҳижрий-қамарий 1437 йил зилқаъда ойининг 5-си ва милодий ҳисоб билан 2016 йил 8 август .

Бундан 2056 йил муқаддам, милоддан  қирқ йил олдин,  8-августда Эрон императорлиги армияси Рим императорлиги кучларини мағлубиятга учратиб, Сурияни қайтариб олади. Ушбу ғалаба ортидан эронликлар Фаластинга ҳам йўл топишади. Римликлар ушбу мағлубиятни қоплаш учун 100 минг нафардан иборат қўшин тайёрлаб, Эронга ҳужум қилишади. Рим қўшинининг қўмондони Маркос Антониюс ва Эрон қўшинининг қўмондони Ашконийлар подшоҳи Фарҳод тўртинчи эди. Рим қўшинлари эронликларнинг мустаҳкам мудофаалари боис зўрға олдинга боришарди ва ҳар замонда Эрон отлиқ қўшинларининг ҳужумлари билан юзмаюз бўлишарди. Натижада Рим қўшини 20 минг нафар жангчисини қўлдан бериб, минглаб ярадор бўлган аскарлари билан Римга қайтишга мажбур бўлади.

Бугунги кундан 32 йил олдин, ҳижрий-шамсий 1363 йилнинг 18-мурдод куни етук таржимон ва ёзувчи Абулқосим Поянда  71 ёшда вафот этади. Поянда номи билан машҳур бўлган устод Абулқосим Нажафободий  Нажафободда таваллуд топган. У аввал қадимий фанларни ўрганади ва Исфаҳонда малакасини оширади. Моддий қийинчиликлар сабабли Поянда чопхонада  ишлашга мажбур бўлади ва ушбу меҳнат қилишлар   унинг ҳаётида бутунлай янги йўлни танлашга туртки бўлади. У 19 ёшида   Теҳронга боради ҳамда у ерда  турли газета ва журналлар билан ҳамкорлик қилишни бошлайди. Абулқосим Поянда қирқдан ортиқ асарлар ёзган. Улар орасида энг йирик  асари “Қуръони мажид” нинг таржимаси ҳисобланади. Устод Поянда қиссалар  ёзишда катта маҳоратга эга эди ва ушбу қиссаларда халқ ҳаётини тасвирлашда муҳим ишларни амалга оширади. Унинг асарлари орасида “Муруж-уззаҳҳаб”  ва “Табарий тарихи” таржималари ҳам муҳим ўрин тутади.

Бундан 71 йил олдин, милодий 1945 йилнинг 8-августида Шўролар Иттифоқи раҳбари Сталин  Японияга қарши уруш эълон қилади ва руслар қўшини Хитой шимоли-шарқида жойлашган Манчурийга ҳужум қилади. Шўролар Иттифоқи Япония билан бир-бирига  ҳужум қилмаслик шартномасини имзолаган эди. Бироқ Ҳиросима шаҳри Америка томонидан атом ҳужумига учраганидан кейин Япония таслим бўлиш остонасида эди. Россия Японияга ҳужум қилиб, унинг айрим қисмларини ва олдин ҳам ихтиёрида бўлган ерларни қўлга киритмоқчи бўлади. Ушбу ҳужумлар натижасида Шўролар Иттифоқи Шимолий Корея ва Курил оролларини қўлга киритади. Курил ороллари ҳозиргача Россиянинг ихтиёридадир. Россия ва Япония ўртасида ушбу ороллар тақдирини белгиллаш учун ўтказилган кўплаб музокаралар ҳалигача бирон натижа бермаган.

Азизлар, “Тарихнинг ўчмас кунлари” унвонли ҳафталик эшиттиршнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.