Биз ва тингловчи
Тингловчилар суҳбати
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Бизни тинглаб борасиз деган умиддамиз.
Айрим тингловчиларимиз бизга субмаданиятлар борасида кенгроқ маълумот беришимизни сўрашган эдилар. Мазкур муҳим мавзуга бағишланган охирги суҳбатимизни сиз азизларга тақдим этамиз.
Таъкидлаб ўтганимиздек, субмаданият вакилларида вақт ўтиши билан ўзига хос тил, сўзлашув усули ҳам шаклланиб бормоқда. Тил элементларининг айримлари навбатдаги авлод вакилларига мерос бўлиб ўтаётган бўлса, баъзилари мустақил равишда вужудга келмоқда. Уларнинг кўпчилиги сленг — неологизм элементларидан ташкил топган.
Субмаданиятларнинг рамзий белгилари уларни бир-биридан фарқлаш воситаси бўлиш билан бирга, улар ўтмиш маданиятлари белгиларининг қайта жонланишини ҳам ифодалайди.
Ямайкада вужудга келган Растафарлар (растаманлар) диний-мусиқий ҳаракати рэгги мусиқаси, ўзига хос имиж ҳамда муайян ғояга эгалиги билан ажралиб туради. Растаманларнинг аксарият вакиллари турли уруш ва низоларга қарши эканини даъво қилсалар ҳам, дунёнинг турли мамлакатларида ёшлар ўртасида гиёҳванд моддаларни тарқатиш билан шуғуллангани боис жиноят олами билан алоқадор ҳисобланади. Уларни ола-була бо кийимларидан осонгина ажратиб олиш мумкин. Масалан, машҳур «Такси» бадиий фильмидаги ўзига хос бош кийимли гиёҳванд полициячи айнан ушбу субмаданият вакилидир.
1970-80 йилларда рок-мусиқаси таъсирида вужудга келган янги жанр металлистлар ва панкларнинг пайдо бўлиши билан якунланди. 1980 йилларда готик-рок жанрининг пайдо бўлиши эса готлар субмаданиятининг оммалашувига олиб келди. Уларнинг характерли белгилари — ғамғинлик, меланхолик (дилгирликка мойил хулқ-атвор) тарғиботи, қўрқинчли фильмлар ва готик романлар эстетикасидан иборат. Нью-Йоркда Ямайкалик эммигрантлар таъсирида эса хип-хоп маданияти пайдо бўлди. Улар ўз мусиқаси, имижи ва ҳаёт тарзи билан ажралиб туради.
90- йилларга келиб эса ёшлар орасида эмо-кидлар ва киберпанк субмаданиятлари кескин оммалашди. Эмо субмаданияти вакилларининг асосий қисми вояга етмаганлардан ташкил топиб, ёрқин, очиқ ва ошкора ҳиссиётлар, ғайриоддий ахлоқ белгиларини намойиш қилишни тарғиб қилар эди. Киберлар эса индастриал-рок субмаданиятининг бир тармоғи сифатида яқинлашиб келаётган техноген қиёмат ва технократия босқини ғояларини тарғиб қилиши билан ажралиб туради.
Айрим субмаданиятлар мусиқа жанрлари билан алоқадор бўлмасдан, муайян санъат турлари ва хобби(қизиқиш)лар таъсирида вужудга келган. Ўтган асрнинг ўрталарида дунёга келган ролли ҳаракатларга асосланган субмаданият фантастика ва фэнтези таъсирида пайдо бўлган эди.
Япон анимация санъатига бўлган ишқибозлик аниме фэндомини, бу эса, ўз навбатида, отаку субмаданиятини вужудга келтирди. Ушбу субмаданият япон поп-мусиқаси, аниме, дорамо ва косплей (япон сериаллари, мультфильмлар, аниме, видеoўйинлар, фильмлар, комикслар, миф ва асотирлар қаҳрамонларига тақлид қилиш) билан характерланади.
Қадрли мухлислар, сиз ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан ушбу телефон рақами орқали ҳам боғланишингиз мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
Эшиттиришимиз давом этади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида интернет технологияларининг кенг оммалашуви интерактив субмаданиятларнинг вужудга келишига замин яратди. Уларнинг энг биринчиси сифатида фидо-жамиятини айтиш мумкин. Айрим интернет-хакерлари ўзларини айни шу маданиятга мансуб санайдилар.
Индустриал ва спорт субмаданиятлари эса XX асрда шаҳар ҳаётининг тарғиб қилиниши ҳамда ёшлардаги унчалик тараққий этмаган қишлоқ ҳудудларида яшаш истагининг йўқолиб бориши натижасида пайдо бўлди. Уларнинг баъзилари мусиқа фанатлари ичидан чиқиб келган бўлса, айримлари компьютер ўйинлари таъсирида (масалан, «Fallout») мазкур субмаданиятларга аъзо бўлишган. Спорт субмаданиятлари эса асосан футбол фанатларидан ташкил топган.
Субмаданиятлар ичида барча маданиятларга қарши, жиноят олами вакилларидан иборат контрмаданиятлар ҳам мавжуд бўлиб, улар дастлаб мусиқий субмаданият сифатида шаклланиб, кейинчалик радикал кайфиятдаги оқимларни вужудга келтирган. Скинхедлар, антикомунистлар сингари сиёсий жараёнларга қарши чиқувчи субмаданиятлар жамият ҳаётида салбий ўрин тутади.
Саноат ёки урбанизация субмаданиятлари умумий дунёқарашга эга ёшлар гуруҳи томонидан тузилган бўлиб, уларнинг асосий ғояси инсониятга қарши туриш, кишилар ҳаётининг технологиялашувини қоралашдан иборат. Бу каби субмаданиятлар шаҳар ва инсон ўртасидаги кураш (конфликтлар), шаҳарларни тошли ўрмон тарзида ифодалаш, келажакка оид салбий бўёққа эга қарашлар, қиёматдан кейинги ҳаётни тасвирлайди. Бундай субмаданиятларга руферлар, риведхедлар, кибер-готлар, дарк-киберлар, диггерлар, безориларни киритиш мумкин.
Кўпчилик субмаданиятлар шахсий эркинлик, туйғулар, уруш ёки зўравонликларга қарши ўзига хос муносабат сифатида майдонга чиққан. Масалан, хиппиларнинг асосий шиори туйғулар эркинлиги, зўравонликка қарши эътирозлар шаклида намоён бўлади. Бироқ риветхед сингари субмаданият вакиллари ички ва ташқи қиёфасидаги тажовузкорлиги билан ажралиб туради.
Уларнинг асосий манзилгоҳлари ташландиқ завод бинолари, вайроналар ва кисасиз манзилгоҳлар саналади. Риветхедлар соғлом фикрли кишилар томонидан салбий маънода қўлланилувчи тушунчаларни инкор этиб, вайронагарчилик, беҳёлик, ўлим ва ғам-қайғудан ижобий туйғулар, гўзаллик излашади. Мазкур субмаданиятни яхшироқ тушуниш учун дадаизм, сюрреализм ва футуризм каби тушунчалар моҳиятини кенгроқ ўрганиб чиқиш зарур.
Энди эса радиомиз сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида чоп этилган муҳим янгиликлар билан сизни ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳур таништирадилар.
Ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳурнинг суҳбатлари эди.
Ҳозир эса мухлисларимиздан бири Алишернинг билдирган фикрлари билан танишамиз. Тингловчимиз Алишернинг билдирган фикрлари эди.
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг