Интизорлик ифори
Инсон ақлий жиҳатдан ва маданий ривожланишда беҳамтодир.
Ёлғиз ва қодир Парвардигоримизнинг тинчлик ва раҳмат элчиси ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга салому салавот йўллаб, "Интизорлик ифори” туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Биз билан бирга бўлинг!
Имом Маҳди (а) ҳақида ўйлаганингда оқ ёсуманлар атрининг ҳиди руҳинга жон бағишлайди. Ул ҳазрат кечиримлидир. Ул ҳазрат мазлум ва муҳтожларга самимий ва меҳрубондир. Парвардигор баробарида мулоим ва камтарин бўлиб, аммо золимлар ва зўравонлар қаршисида қаттиққўл ва уч олувчилардан ҳисобланади.
Маҳдий (а) ҳукуматида фақат осойишталик , неъмат ва сарват ҳақида сўз юритилмайди, чунки инсон турли хусусиятларга эга бўлган мавжудотдир ва унинг зоҳирий ва ички дунёси бўлса бир мезонда ривожланиш ва такомуллаштириши лозим. Шу сабабли Имом Маҳдий (а)-нинг жомеасида инсонлар молиявий имкониятлар ва иқтисодий фаровонлик, ҳамда маънавий ва интелектуал камолот бойлигидан баҳраманд бўлади. Кина-кудуратлар қалблардан бартараф этилади. Ҳамдиллик ва бирлик барча жойларда кўзга ташланади ва муҳаббат ва дўстлик атри тарқалади.
Имом Муҳаммад Боқир (а) шундай марҳамат этади: “Аллоҳ таоло инсонларнинг фикрий куч-қудратини мустаҳкамлайди ва уларнинг хулқ-атворларини мукаммаллаштиради.”
Бу ҳадис асосида Имом Маҳдий (а) дастурлари “Инсонларнинг маърифий ва маънавий камолоти” номланади. Инсон ақлий жиҳатдан ва маданий ривожланишда беҳамтодир.
Маҳдий (а.ф) ўз ҳукуматлари давомида инсониятни камолот ва олий инсоний фазилатларга етказиш учун ҳаракат қиладилар. Токим, башарият аҳлининг қўлидан кетган қадриятлари ва фазилатлари яна ўзига қайтарилсин. Шу сабабли, ул ҳазратнинг зуҳур этганларидан сўнг, амалга оширадиган энг муҳим ишларидан бири инсониятга ўзининг инсоний қадриятларини қайтариш шароитларини яратишдир.
Имом Маҳдий(а.ф)нинг ҳукумат юритадиган даврлари билимнинг турли соҳаларида одамлар малака ва истеъдодларининг гуллаб – яшнаши, инсониятнинг тарих давомида эгаллаган билимларининг авж нуқтаси бўлади. Бу даврда билим ва малака одамларнинг манзилларигача, борингки, ҳар бир инсон вужудининг қаъригача нуфуз айлайди.
Башар аҳлига нажот бахш этгувчи имом Маҳдий (а) зуҳур этган пайтлари жаҳл ва нодонлик ўз ўрнини билим ва заковатга бўшатиб беради. Инсон ўзининг қўлдан берган қадр-қийматини қайта тиклайди. Маълумки, инсон қадр-қийматининг ўлчами Аллоҳ томонидан унга ҳадя этилган ҳақиқатлар ҳақидаги маърифатдир. Ҳар бир инсон ана шу билим ва маърифатдан фойдаланиш даражасига яраша қадр-қиймат, обрў-эътибор ва фазилат касб этади.
Имом Содиқ алайҳисалом ҳазратлари бу ҳақда буюрадилар:
«Илм ва донишмандлик 27 ҳарфдан иборат. Илоҳий пайғамбарлар одамизотга келтирган барча билимлар эса фақат 2 ҳарфдан иборат эди. Одамлар мана шу 2 ҳарфни ҳам тўлиғича англаб олишгани йўқ. Имом Маҳдий (алайҳис салом)зуҳур этган пайти қолган 25 ҳарфни ошкор этиб, одамларнинг орасида мунташир айлайди. Аввалги 2 ҳарфни ҳам унга қўшиб, 27 ҳарфдан барча одамларни огоҳ этадилар».
Бу ҳикматда имом Маҳдий (алайҳис салом) инқилоби замонасида илм-фан ривожида қанчалик буюк ирғиш юз беришига ишора қилинмоқда. Маълумки, илоҳий илм нури ила равшан бўлган маконларда одамларнинг шахсиятини таҳқирлаш, уларни менсимаслик каби одатлар орадан кўтарилади. Инсоний қадр-қиймат, каромат ва фазилатлар зуҳур айлайди (юзага келади).
Қуёш булутлар ортидан ҳам ўзининг ҳаётбахш нурларини барча мавжудотга бахшида этгани сингари имом Маҳдий (ажаллалоҳу таоло фаражаҳуш шариф)муборак вужудларининг зиёси ва ёғдуси ҳам ғойиблик пардаси ортидан кундалик ҳаётимиз, қалбимиз, руҳимиз, тафаккуримиз ва ишонч – эътиқодимизни ёритиб, мунаввар этаверади. Ул ҳазратнинг зуҳур қилишларига бўлган ишонч – эътиқод ва умидворлик одамларга куч ва қувват бағишлайди. Мана шу ишонч ва умидворлик одамларни ул ҳазрат зуҳур қилишларининг даври етгунга қадар, зулму истибдод, адолатсизлик, ижтимоий ва маънавий фасод – бузғунликларга қарши курашга ундайди. Шу сабабдан, тирик имомнинг муқаддас вужудига ишонган инсонлар ул ҳазратнинг ёнларида бўлиб кўра олишмаса-да, ўзларини ёлғиз деб билмайдилар. Ушбу ишонч дилларда умидворлик ҳиссини кучайтиради, комиллик ва етуклилик сари ҳаракат қилишга ундайди, одамларнинг руҳ – жонини буюк жаҳоний инқилобни англаб етиш ва уни қабул қилишга шайлантиради.