август 16, 2017 10:41 Asia/Tashkent

Форобийнинг ёзган асарлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,  Форобий қирқ ёшга кирган вақтида таҳсил олиш учун Бағдодга боради. У ушбу ёши давомида  сарф, наҳв, фикҳ ва ҳадис илмларидан  етарли даражада баҳраманд бўлади. Аммо мантиқ ва фалсафа илмлари билан ўша вақтда  камроқ ошно бўлган эди. Форобий Бағдодга борганидан  кейин Матта бин Юнусдан мантиқ ва фалсафа илмларини кенгроқ ўрганишга киришади.

Кейинчалик ҳозирги Туркиянинг жануби-шарқида  жойлашган Ҳаррон шаҳрига сафар қилади ва  у ерда мантиқ илмининг билимдони Юҳанна бин Ҳейлонга шогирд бўлади. Зеҳни ўткир ва ҳаракатчан бўлгани боис Форобий унга бериладиган  турли мавзулардаги  сабоқларни зудлик билан ўзлаштирарди. Форобий озгина вақт ўтганидан кейин  файласуф ва донишманд сифатида шуҳрат топади. У Бағдодга қайтганидан кейин унинг атрофида кўплаб шогирдлари йиғилишади. Христиан файласуф Яҳё бин Адий ҳам унинг шогирдларидан эди.

Сўнгги йиллар у Ҳалаб (Алеппо) ҳокими Сайфуддавла Ҳамадоний (943–967) илтифотига сазовор бўлди. Тадқиқотчилар унинг Ҳалабдаги ҳаётини энг самарали давр ҳисоблайдилар. Чунки бу ҳоким ҳурфикрлилиги, илм-фанга эътибор берганлиги билан ажралиб турган. У Форобийни саройга таклиф этади, лекин Форобий бунга кўнмайди, оддий ҳаёт кечиришни афзал кўради. Форобий 949–950 йилларда Мисрда, сўнг Дамашқда яшаб, шу ерда вафот этган ва “Боб ас-сағир” қабристонига дафн қилинган.

Форобий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларида 160 дан ортиқ асар яратган. У турли билимларнинг назарий томонлари, фалсафий мазмуни билан кўпроқ қизиққанлиги учун унинг асарларини 2 гуруҳга ажратиш мумкин:

1) юнон файласуфлари, табиатшуносларининг илмий меросини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган асарлар;

2) фаннинг турли соҳаларига оид мавзулардаги асарлар.

Форобий қадимги юнон мутафаккирлари – Платон, Аристотел, Эвклид, Птолемей, Порфирийларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Айниқса, Аристотел асарлари (“Метафизика”, “Этика”, “Риторика”, “Софистика” ва б.)ни батафсил изоҳлаб, қийин жойларини тушунтириб бера олган, камчиликларини кўрсатган, айни вақтда бу асарларнинг умумий мазмунини очиб берувчи махсус асарлар яратган.

Форобий шарҳлари Ўрта ва Яқин Шарқ илғор мутафаккир–ларининг дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Абу Али ибн Сино Форобий шарҳлари (“Метафизика” – “Мобаъдий табиат”)ни ўқиб, Аристотел асарларини тушунганини алоҳида таъкидлайди. Форобийнинг шарҳ ёзиш фаолияти фақат Шарқнигина эмас, ўрта аср Европасини ҳам юнон илми билан таништиришда катта рол ўйнади. Мутафаккир ўз асарларини ўша даврда Шарқ мамлакатларида илмий-адабий тил ҳисобланган араб тилида ёзади.

Форобий шунингдек, араб ва форс тилларида фалсафий мазмундаги шеърлар ҳам ёзган. Форобий асарлари ХII–ХIII асрлардаёқ лотин, қадимий яҳудий, форс тилларига, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниб, дунёга кенг тарқалган. Сўнгги асрларда кўчирилган нусхалари кўп мамлакатларнинг кутубхона ва муассасаларида сақланади.

Форобийнинг табиий-илмий фанлар ҳақидаги қарашлари “Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи” асарида батафсил ёритилган. Китобда ўрта асрда маълум бўлган 30 дан ортиқ фаннинг таърифи, аҳамияти кўрсатиб берилади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Шу нарса диққатга сазоворки, Форобий табиий ва ижтимоий фанларни вазифасидан келиб чиқиб тўғри фарқлаган. Унинг талқинича, математика, табиатшунослик, метафизика фанлари инсон ақлини билимлар билан бойитиш учун хизмат қилса, грамматика, мантиқ, шеърият каби илмлар фанлардан тўғри фойдаланишни, билимларни бошқаларга тўғри тушунтириш, яъни ақлий тарбия учун хизмат қилган. Сиёсат, ахлоқ, таълим-тарбияга оид билимлар эса кишиларнинг жамоаларга бирлашувини, ижтимоий ҳаётга тегишли қоидаларни ўргатади. Форобий инсоннинг амалий фаолияти учун табиий фанларнинг аҳамиятини яхши тушунади. Бундай фанларни у реал нарсалар ҳақидаги илмлар деб атайди.

У юнон табиатшунослари Эвклид, Птолемей, Гален китобларига ёзган шарҳларида, ўзининг геометрияга доир китобида антик дунё, ўрта аср математик ғояларининг йирик билимдони сифатида майдонга чиқди, математиканинг бир қанча мураккаб категориялари ва мавҳум тушунчаларини илмий нуқтаи назардан ҳал этиш йўлларини қидирди, хусусан, сон ҳақидаги эҳтимоллик назарияси тўғрисидаги ғояларни бойитди.

Форобийнинг тиббий қарашлари “Инсон аъзолари ҳақида” рисоласида баён қилинган. У инсон аъзоларини, турли хил касалликлар сабабини, уларнинг пайдо бўлиш шароитларини алоҳида-алоҳида ўрганишни, организмнинг саломатлигини тиклаш учун керакли озиқ-овқатларга эътибор беришни қайд этади. Инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати ташқи омиллар, муҳит таъсирига боғлиқлигига эътибор беради. Унинг тиббиёт вазифаси, мақсади ҳақидаги қарашлари Ибн Синонинг бу ҳақдаги қарашларига катта таъсир кўрсатди. Форобий дунёқарашининг шаклланишига, асосан, Шарқнинг қадимги илғор маданияти анъаналари, араб халифалигига қарши халқ ҳаракатлари, ўрта аср табиий-илмий тафаккур ютуқлари, Юнонистоннинг фалсафий мероси таъсир кўрсатди.

Форобий ўрта асрлар шароитида биринчи бўлиб жамиятнинг келиб чиқиши, мақсад ва вазифалари ҳақида изчил таълимот яратди. Бу таълимотда ижтимоий ҳаётнинг кўп масалалари – давлатни бошқариш, таълимтарбия, ахлоқ, маърифат, диний эътиқод, уруш ва яраш, меҳнат ва бошқалар қамраб олинган. Форобий “Фозил шаҳар аҳолисининг маслаги” рисоласида жамият (“инсон жамоаси”)нинг келиб чиқиши ҳақида бундай ёзади: “Ҳар бир инсон табиатан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади… Бундай жамоа аъзоларининг фаоли-яти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди”.

Форобий шаҳарни ижтимоий уюшишнинг етук шакли, инсоният камолотга эришишининг зарурий воситаси, деб ҳисоблайди. Бутун инсонларни ўзаро ҳамкорликка, халқларни тинчликка чақиради, дунёда ягона инсон жамоасини тузиш ҳақида орзу қилади.

Форобий ўз давридаёқ буюк олим сифатида машҳур бўлган. Шарқ халқларида у ҳақда турли ҳикоя, ривоятлар вужудга келган. Ўрта аср олимларидан Ибн Халликон, Ибн Қифтий, Ибн Аби Усабиъа, Байҳақийлар ўз асарларида Форобий ижодини ўрганиб, унинг ғояларини ривожлантирганлар.

Хусусан, Ибн Рушд Форобий асарларини ўрганибгина қолмай, уларга шарҳлар ҳам ёзди. Аверроизм номи билан машҳур бўлган унинг фалсафий таълимотининг шаклланиши дастлаб Форобий ва Ибн Сино фаолияти билан боғлиқ. Аверроизм илмий тенденцияларни ифодаловчи илғор йўналиш сифатида кенг ёйилган ва Уйғониш даврининг кўп илғор мутафаккирлари дунёқарашига таъсир кўрсатган.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.