сентябр 02, 2017 14:36 Asia/Tashkent

Марказий Осмёга оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Нурсултон Назарбоев Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар изига тушишига умид билдирди;
  2. Қирғизистоннинг Чуй вилоятида террорчиларни йўқ қилиш бўйича махсус операция якунланди;
  3. Пекинда Тожикистон ва Хитой ўртасида 13 та ҳужжат имзоланди;
  4. Туркманистон парламенти Ўзбекистон ва Қозоғистон билан шартномаларни ратификация қилди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев АҚШ президенти Дональд Трамп билан суҳбатда АҚШ ва Россия ўртасидаги мулоқот яхшиланишига умид билдирди. Бу ҳақда 1 сентябрда Назарбоев матбуот хизмати маълум қилди.  

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, Назарбоев Трампга 10-11 сентябрда Остонада Фан ва технологиялар бўйича ислом ҳамкорлиги ташкилотининг саммити бўлиб ўтишидан хабардор қилган. Икки давлат етакчиси Қозоғистон-АҚШ муносабатлари ривожланишининг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишган.    

Шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикрлар алмашилган.

Шу билан бирга, суҳбат чоғида Трамп Назарбоевни Остонадаги "ЭКСПО-2017" халқаро кўргазмаси муваффақиятли ўтказилиши билан табриклаган ва АҚШ делегациясининг бу кўргазмадаги иштирокини юқори баҳолаган.   

Назарбоев ўнлаб одамларнинг умрига зомин бўлган, Техас штатида юз берган табиий офат муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва жабрланган ҳудудлар инфратузилмасининг тезроқ тикланиши ва маҳаллий аҳолининг тезроқ нормал ҳаётга қайтиши истагини билдирган.

Трамп суҳбат давомида Назарбоевни  Вашингтонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилган. 

“Суҳбат якунида икки етакчи ўзаро манфаатга эга масалалар бўйича мунтазам мулоқот олиб бориш истакларини тасдиқладилар”, деб айтилган хабарда.

Қирғизистоннинг Чуй вилоятида террорчиларни йўқ қилиш бўйича махсус операция якунланди.

Қирғизистон шимолидаги Чуй вилоятида террорчиларни йўқ қилиш бўйича махсус операция ўтказилди, деб ёзади «ТАСС» Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот котиби Роҳат Сулаймоновга таяниб.

«Жайил туманидаги махсус операция якунланди», — деди у. Сулаймонов ҳозирча операция чоғида йўқ қилинган террорчилик ташкилоти аъзолари сонини айтишдан бош тортмоқда. «Бу ишнинг барча тафсилотлари кейинроқ эълон қилинади», — деди у. Шу билан бирга, у маҳаллий ОАВларнинг операцияларни ўтказиш вақтида махсус бўлинмалар жангчилари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларини тасдиқламади.

Аввалроқ қуролли жиноятчилар гуруҳи патруль милицияси ходимлари талабларини бажармагани ва уларга қурол билан таҳдид қилгани сабабли Бишкекда ва унга ёндош Чуй вилоятида «Тутиш» режаси эълон қилинган эди.

Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмоннинг Хитойга давлат ташрифи доирасида Пекинда 13 та давлатлараро ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати маълум қилди. Ҳужжатларни имзолаш маросими Хитой раиси Си Цзиньпин ва Раҳмон учрашувидан кейин бўлиб ўтган.

Томонлар икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар муносабатлар даражасидан қониқиш билдиришган. 

Учрашувда Тожикистон ва Хитой ўртасида қурилиш материаллари, пахта толаси ва тоғ-металлургия минералларини қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида икки томонлама муносабатларни яхшилаш бўйича келишувга эришилди. 

Учрашувда икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик ўрнатиш, ҳамкорлик дастури, қишлоқ хўжалиги ҳамкорлигининг намунали боғи қуриш ҳақидаги меморандум, меҳнат ресурслари соҳасида ҳамкорлик меморандуми, инфратузилма соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат секторида аудиторлик фаолиятида ҳамкорлик меморандуми, беғараз ёрдам ажратиш бўйича техник ва иқтисодий ҳамкорлик келишуви, ээлектр узатиш линияларини қуриш лойиҳасига имтиёзли кредит ажратиш келишуви, илмий-техник ҳамкорлик меморандуми, интеллектуал мулк соҳасида ҳамкорлик меморандуми, Тожикистоннинг “Ховар” ва Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми, Тожикистоннинг Хатлон вилояти ва Хитойнинг Шаньси вилояти ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш келишуви каби ҳужжатлар имзоланди.

Бугунги кунгача Тожикистон ва Хитой ўртасида икки томонлама ҳамкорликка тегишли ҳужжатлар сони 200 тага яқинни ташкил қилган.

Тожикистонга оид яна бир хабар шундан иборатки, мамлакатдаги  Россия элчиси бу мамлакатда рус тилига яхши аҳамият бермаслиги тўғрисида огоҳлантирди.

Форс ахборот агентлиги хабарига кўра, Душанбедаги Россия элчиси Игорь Фролов  Тожикистонда рус тилига эътиборларни  камайганлигидан афсусланиш билдириб,  Тожикистон ҳудудида рус тилини қайта тиклаш учун лозим чора- тадбирлар кўриб чиқилмаса  рус тили бу мамлакатда муаммаоларга  дучор бўлишини таъкидлади.

У, шунингдек,  Тожикистонда рус тилидан фойдаланишни  кўринарли даражага камайганлигига тўхталиб,  ушбу вазиятнинг асл -омили бу мамлакатда рус миллати вакилларининг камайганлиги ҳамда рус тили ўқитувчиларининг камчилиги эканлигини баён этди.

 Туркманистон парламенти Ўзбекистон ва Қозоғистон билан шартномаларни ратификация қилди.

Туркманистон парламенти – 5-чақириқ Мажлисининг 22-кенгашининг навбатдаги мажлисида депутатлар қатор қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама этиб, қабул қилишди.

Кун.ўз сайтига кўра, хусусан, "Туркманистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида", "Туркманистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида"ги ҳужжатлар лойиҳалари шулар жумласидан. Бу ҳақда Туркманистон ҳукумати портали хабар қилмоқда. 

Бундан ташқари, парламент йиғилишида Мажлиснинг "Туркманистоннинг "Mälikguly Berdimuhamedow" медалини таъсис этиш тўғрисида" қонун лойиҳаси муҳокама этилиб, қабул қилинган. 

 Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ