Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Беруний асарлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Эронлик буюк донишмандлардан бири Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва фаолияти борасидаги суҳбатнинг давомига диққатингизни жалб этамиз.
Таъкидлаб ўтганимиздек, Ғазнавийнинг Ҳиндистонга қилган юришларидан бирида шоҳга ҳамроҳ бўлган Беруний, у ерда санскрит тилини пухта ўрганиши ҳинд маданияти адабиёти ва Ҳиндистоннинг ўша давр олимлари билан яқиндан танишишга ҳамда бу мамлакат ҳақида ўлмас асар яратишга имкон топади. «Ҳиндистон» асари ёзиб тугатилган йили Маҳмуд Ғазнавий вафот этди ва унинг ўрнига тахтта ўғли Масъуд ўтирди. Бу даврда Берунийнинг аҳволи анча яхшиланди. Астрономияга оид «Масъуд қонуни» асарини султон Масъудга бағишлади. Ўша аср олимларидан бири Ёқутнинг ёзишича: «Масъуд қонуни» китоби математика ва астрономия бўйича унгача ёзилган ҳамма китоблар изини ўчириб юборган».
Беруний ўз асарлари рўйхатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири «Минералогия»дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ; ҳатто Оврўпода ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади. Берунийнинг охирги асари — «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб»ининг қўлёзмаси XX асрнинг 30-йилларида Туркияда топилди. Асар «Сайдона» номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифини беради.
Беруний шогирди Абул Фазл ас-Сарахсий маълумоти бўйича 11 декабр 1048 йилда вафот этган.
Беруний сўнгги авлодларга катта илмий мерос қолдирди. Берунийнинг ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари қолганлиги бизга маълум. Юқорида кўрсатиб ўтилган катта ҳажмдаги асарларидан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакогнозия, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратди ва санскрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржималар қилди, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеърлар ёзди. «Астрологияга кириш», «Астрономия калити», «Жонни даволовчи қуёш китоби», «Икки хил ҳаракатнинг зарурлиги ҳақида», «Кўпайтириш асослари», «Птолемей «Алмагест»ининг санскритчага таржимаси», «Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар», «Фарғоний «Элементлар»ига тузатишлар», «Турклар томонидан эҳтиёткорлик», «Оқ кийимлилар» ва қарматлар ҳақида маълумотлар», «Шеърлар тўплами», «Ал-Муқанна ҳақидаги маълумотлар таржимаси», «Ибн Сино билан ёзишмалар» шулар жумласидандир.
Беруний қадимги юнон илми ва унинг вакиллари Аристотель, Платон, Птолемей, Евклид кабиларнинг асарлари, ҳинд олимлари, мусулмон олимлари ал-Хоразмий, Фарғоний, Баттоний, Розий, Абу Таммам, Ибн Кайсум, Абу Маъшар асарлари билан яқиндан таниш бўлган, уларга шарҳлар, изоҳлар, тузатишлар, раддиялар ёзган. Унинг илмий мероси ғоят ранг-баранг бўлиб, тиббиёт фанига, астрономия фанига хизмати жуда каттадир. Беруний ўз илмий асарларида дунёнинг тузилиши масаласида Птолемей системасига суянса ҳам, Ернинг ҳаракати ҳақида Беруний: «Ернинг ҳаракатсизлиги (масаласи) астрономия фанининг асосий масалаларидан бири бўлиб, бу ҳақда юз берадиган шубҳаларни ечиш қийин», деб ёзади.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Осмон жисмларини геометрик тушунтириш асосида Беруний Коперникдан бир неча аср аввал Ерни коинотнинг маркази деб билувчи геоцентрик ва қуёшни коинот маркази деб ўргатувчи гелиоцентрик тизим тенг кучга эга, деган хулосага келади. «Геодезия» асарида Беруний геоцентризм билан боғлиқ бўлган баъзи бир назарияларнинг тўғрилигига шубҳа билан қараганини очиқдан-очиқ баён этади. Беруний ҳаракат траекторияси ва осмон ёритқичлари шаклининг эллипсоид эканлиги ҳақида биринчи бўлиб фикр юритган олимлардан бўлиб, жойларнинг географик узоклигини, кенглигини аниқлаш йўлларини танлаб олишда новатор ҳисобланади. У тригонометрияни, геометрияни кенг қўллаш орқали ўзидан олдинги астрономларга нисбатан анча аниқ натижаларга эришди. Турли жойларнинг географик кенглиги ва узоқлигини аниқлашда Беруний эришган натижалар ҳатто ҳозирги замон олимларини ҳам ҳайратда қоддиради. Буюк олим Ер юзасининг ҳар бир қисми ўзининг узоқ тарихий тараққиётига эга эканлигини қайд этади. Марказий Осиёнинг баъзи бир минтақалари, шу жумладан, Амударё водийсининг геологик ривожланишини биринчи марта жиддий ўрганишга ҳаракат қилган ҳам Берунийдир. Унинг Амударё водийсининг геологик ўтмиши ва Орол денгизининг пайдо бўлиши ҳақидаги хулосалари ўша замоннинг энг муваффақиятли геологик таҳлилларидан бири бўлиб ҳисобланади. Олим «Денгизлар қуруқликка, қуруқликлар эса денгизга айланади» деган назарияга суянади. Берунийнинг фойдали қазилмалар қатламининг пайдо бўлиши, жинслар емирилишининг аҳамияти, тоғ жинсларининг нураши кабилар ҳақидаги хулосалари катта илмий аҳамиятга эгадир. У тоғларнинг пайдо бўлиши ва йўқ бўлиб кетиши табиий омиллар асосида юз беришини талқин этувчи назарияни олға суради.
Беруний Аристотелнинг натурфилософияси билан бевосита шуғулланиши натижасида Аристотель қарашларига танқидий ёндашиб, ҳатто заиф томонларини танқид этиш даражасига бориб етди.
Берунийнинг Аристотелга муносабати Ибн Сино билан ёзишмасида ўз ифодасини топган. Уларнинг ёзишмалари асосан Аристотелнинг «Фазо ҳақида» ва «Физика» асарлари бўйича олиб борилган эди. Беруний Аристотелни қадимги дунёнинг энг қомусий етук олими деб зўр ҳурмат билан тилга олади.
Берунийнинг бошқа дунёлар мавжудлиги тўғрисида
тахмини унинг илмий ютуқларидан бири ҳисобланади.
Олимнинг фикрлари, бир томондан, Марказий Осиё, қадимги юнон ва ҳинд мутафаккирларининг илғор анъаналарини ижодий ривожлантирган бўлса, иккинчи томондан, Берунийнинг етуклиги тафаккур доирасининг кенглигидан далолат беради. Беруний томонидан «сабабларнинг сабаби» — инсон ва инсоният жамиятининг юзага келиши масаласининг қўйилиши диққатга сазовор. «қадимги тарихларнинг энг қадимгиси ва энг машҳури башариятнинг бошланишидир».
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.