ноябр 12, 2017 15:19 Asia/Tashkent

Динимиз Ислом таълимотида оилавий ҳаёт муқаддас ҳисобланади. Чунки, оила жамият биносининг ғишти, бир бўлагидир. Агар бинонинг ғиштлари соғлом бўлса, бино ҳам мустаҳкам бўлади, акс ҳолда бундай бино емирилиш ва қулаш хавфи остида қолади.

Динимиз Ислом таълимотида оилавий ҳаёт муқаддас ҳисобланади. Чунки, оила жамият биносининг ғишти, бир бўлагидир. Агар бинонинг ғиштлари соғлом бўлса, бино ҳам мустаҳкам бўлади, акс ҳолда бундай бино емирилиш ва қулаш хавфи остида қолади.

    Айнан шунинг учун динимизда оила масаласига бениҳоя жиддий эътибор қаратилади, унинг мустаҳкамлиги, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун динимиз Ислом ўзига хос қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйган. Оилавий ҳаётнинг асосий ташкилотчилари ва аъзолари бўлмиш эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос бурч ва вазифаларни юклаган, бир-бирларига нисбатан ҳақ ва ҳуқуқларни белгилаб берган. Агар эр ва хотин мазкур қоидаларга амал қилишса, бир-бирларига нисбатан зималаридаги бурч ва масъулиятларини ҳис қилиб, сидқидилдан адо этишса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади.

Бундай намунавий оилада туғилган фарзандлар ҳам гўзал тарбия топадилар ва келажакда улардан жамиятга фойдаси тегадиган буюк инсонлар етишиб чиқади. Бордию, оила бошлиқлари яъни эр ва хотин бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқларини танимасалар, балки, уларни поймол қилсалар, табиийки, ундай оилада тинчлик ва хотиржамлик бўлмайди, ўзаро меҳр-муҳаббат завол топади ва оила пароканда бўлиш ва парчаланиш хавфи остида қолади.

    Шу боис ҳам динимиз эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос ҳуқуқлар ато этиб, маълум мажбуриятларни ҳам юклаган. Мазкур ҳуқуқларнинг баъзилари эр ва хотин ўртасида муштарак бўлса, баъзилари эрга тегишли ва яна баъзилари хотиннинг ўзига тегишли бўлган ҳуқуқлар ҳисобланади.

    Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа экан, мазкур алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Тегирмон ҳам навбати билан дегандек, эрнинг ҳам ўз хотини устидаги шаръий ҳақ-ҳуқуқларини билиб қўйишимиз лозимдир. Токи, аёлларимиз мазкур ҳуқуқларга оғишмай амал қилганларида оилавий бахт саодат ҳосил бўлсин. Зеро, оиланинг давомийлиги эр хотиннинг бир-биридан розилиги ва бир-бирининг ҳақларини адо этишига чамбарчас боғлиқдир. Хотин киши эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилганидагина солиҳа хотин бўлади. Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир:

Хотиннинг эрига нисбатан энг биринчи бурчи, ёхуд эрнинг ўз аёли устидаги энг биринчи ҳаққи бу – аёл кишининг эрига итоаткор бўлишидир. Аёл Аллоҳга маъсият ҳисобланмайдиган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Бусиз ҳаёт ҳаёт бўлмайди. Аёл киши оилада ўз ўрнини билмас экан, эрига итоатсиз, ўжар-қайсар бўлар экан, ундай оиланинг давомийлиги ва мустаҳкамлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аёл киши эрига гап қайтарадиган, ҳурматсизлик қиладиган, одобсиз бўлса, Аллоҳ асрасин, бундай оила тагидан емирилган оила ҳисобланади ва эртами-кечми у қулаб тушади, парчаланиб кетади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан  “Ҳаётий муаммолар калиди” эшиттиришини  тинглаяпсиз.  Радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили   [email protected]    

Эрнинг аёли устидаги иккинчи ҳаққи шуки, аёл киши асосий вақтини уйда ўтказиб, фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши лозимлигидир. Чунки, мантиқан ўйлаб қаралса ҳам уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчадаги ишлар, пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул экан, ўз-ўзидан болаларни парваришлаш, уларни уй ичида едириб-ичириб ўтиришга, кийим-кечакларни ювиб дазмоллашга вақти бўлмайди. Бу табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир.

Агар эр уй ичидаги юмушларга ҳам масъул қилинса, кўчадаги ишлар қолиб кетиб, зое бўлади, оиланинг сарф-харажатлари, турли туман тўловлар ким томонидан адо этилади?! Шундай экан, аёл киши кўпроқ вақтини уйда ўтказиши, фарзандларига ёрдамлашиши, уларнинг мактаб ёки боғчага вақтида боришлари учун вақтида уйғотиб, кийинтириб, бош-қош бўлиши, нонушта ва ҳоказоларини ўз вақтида тайёрлаб бериши, уй вазифаларига ёрдам бериши лозим. Бу нафақат Ислом шариатида балки, эътибор берсангиз бутун дунёда ҳам шундай.

Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши лозим. Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир.

Шунингдек, эрнинг аёли устидаги ҳақларидан бири Хотин киши Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Маишат қийинчилиги ё ҳол ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим. Балки хушнудлик ва қаноат либосини кийиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур.