декабр 09, 2017 15:35 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1. Афғон- тожик чегарасидаги отишмада тожикистонлик полковник ҳалок бўлди; 

2. Қозоғистонда коррупцияда айбланган 10 минг киши қўлга олинган;

3. Қирғизистоннинг янги сайланган президенти қуролли кучлар тизимидаги коррупцияга қарши кураш ҳам давом эттирилиши лозимлигини қўшимча қилди;

4. Туркманистон билан чегарададош ҳудудлар  вазияти ҳақида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси  маълумот берди.              

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Афғон- тожик чегарасидаги отишмада тожикистонлик полковник ҳалок бўлди.

Афғонистон ва Тожикистон чегарасида наркотик модда олиб ўтаётган гуруҳ билан отишма чоғида чегара отряди командири ҳалок бўлди, тўрт киши яраланди. Бу ҳақда Тожикистон давлат хавфсизлик қўмитаси баёнот берди, деб хабар қилади «РБК».

Воқеа 2 декабрь куни 2-сонли «Баҳорак» чегара заставасида рўй берди. Афғонистонлик қуролли контрабандистлар гуруҳи Тожикистон ҳудудига ўтишга уринди. Чегарачилар улардан тўхташни талаб қилганда жиноятчилар ўт очди.

Отишмада чегара отряди командири полковник Аҳматов Хайриддин ҳалок бўлди.

Бундан ташқари, уч нафар контрабандачи ўлдирилди. Қолганлари қочиб кетишга муваффақ бўлди.

Воқеа жойида тўртта Калашников автомати ва 33 килограммдан ортиқ наркотик моддалар топилди.

Қочиб кетган контрабандачилар қидирилмоқда.

Ушбу республикага оид бошқа хабаримиз шундан иборатки, Тожикистон ташқи ишлар вазири Афғонистон шимолида террорчи гуруҳлар аъзоларини тўплангани ва фаоллашганидан хавотир билдирган.

Форс ахборот агентлигининг хабарига кўра, ўтган куни Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожидддин Аслов Венада сўзлаган нутқида  Афғонистон шимолидаги  минтақаларда террорчи гуруҳлар аъзоларининг тўплангани,  нафақат Тожикистон учун, балки бошқа республикалар учун ҳам  таҳдид солмоқда, деб эълон қилди.

Бундан олдин ҳам КХШТ бош котиби сўзларига таяниб Афғонистон ОАВи Афғонистон шимолида яъни афғон- тожик чегарачи  яқинида тўпланган террористлар сонини 7 минг нафар деб эълон қилишганди. Айтиш керакки, Афғонистон ва Тожикистон 1430 км муштарак чегарага эгалар.

Қозоғистонда коррупцияда, айбланган 10 минг киши қўлга олинган.

Қозоғистоннинг коррупцияга қарши кураш агентлиги миллий идораси раиси 2001  йилдан бери бу мамлакатда коррупция ва пул ювишга айланган 10 мингдан ортиқ шахсларни қўлга олингани ва қамалганлиги ҳақида хабар берди.

Форс ахборот агентлигининг хабар қилишича, бугун Кайрат Кожамжаров  Остонада ўтказилган йиғилишда  ўтган 17 йил мобайнида бу мамлактанинг айрим давлат мулозимлари, жумладан икки нафар собиқ бош вазири ҳам коррупцияда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинганини таъкидлади.

Унга кўра,  қўлга олинган мансабдор шахслар орасида  17 ширкат директори, вазирлар ва уларнинг муовинлари, 15 нафар  вилоят ҳокимлари ва шаҳар ҳокимлари, 8 нафар  миллий компаниялар раислари ва 8 нафар ҳарбий соҳанинг юқори мартабали қўмондонлари ҳам бор.

Мазкур хабарга биноан,  Қозоғистоннинг коррупцияга қарши агентлиги раиси  ушбу хатти- ҳаракатлар ва чоралар мамлакатда  қонун ҳама учун бир хил амал қилаётгани ҳамда  лавозимидан  қатъи назар жиноят содир этган шахс жазога тортилишидан далолат бермоқда, деб айтди.

Ўтган куни Қирғизистон давлат чегара хизматининг матбуот котиби бу мамлакат ва Қозоғистон ўртасидаги иккита чегара пунктини бутунлай очилгани ҳақида хабар қилди.

Форс ахборот агентлигиниг хабар қилишича,  Солкин Абдуқорий ушбу хабарни эълон  қилиши билан  Қирғизистоннинг Ак -Тилек минтақасидаги  давлат автомобиль постида тўпланган   юк ташувчи машиналар 10 баробар камайганлигини  таъкиидлади.

У, шунингдек  икки мамлакат ўртасидаги чегара постларидан иккитасини бутунлай очилганига ишора қилар экан блок постларда тирбандликлар ва навбатлар мушоҳада этилмайди, деб қўшимча қилди.

Жорий йилнинг 10 октябридан бошлаб,  Остона ҳукумати Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда юк ташиш ва халқнинг ўтишлари учун  айрим тўсиқлар  яратганди.

Натижада бу икки мамлакат чегарасида юк ташувчи машиналар  ва халқнинг тўпланиб қолишига сабаб бўлганди.

Қозоғистон давлат масъуллари эса бу чоралар гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши кураш ва соғлиқни сақлаш мақсадида  кўриб чиқилганини таъкидлашганди.

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти мамлакат мудофааси ишончли қўлларда, деб баёнот қилди.

Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакат Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Райиберди Дуйшанбиевни қабул қилди, деб хабар берди Қирғизистон президенти матбуот-хизмати.

 Жээнбеков, шунингдек, собиқ президент Алмазбек Атамбаев "Қирғизистон Қуролли кучларида қатор ижобий ислоҳотларни амалга оширгани"ни таъкидлаб ўтган.

"Биз бугун кучли, яхши жиҳозланган армияга эгамиз. Мамлакат мудофааси учун кўнглимиз тўқ бўлиши мумкин. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича ишлари давом эттирилади, республиканинг барча вилоятларида янги ва замонавий турар-жойларни қуришда давом этамиз", — деб қайд этди давлат раҳбари.

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти қуролли кучлар тизимидаги коррупцияга қарши кураш ҳам давом эттирилиши лозимлигини қўшимча қилди.

"Ҳукуматнинг барча тармоғида коррупцияга қарши аёвсиз

курашни давом эттирамиз", — деб таъкидлади Жээнбеков.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Туркманистон билан чегарадаги вазият ҳақида маълумот берди.

Қозоғистонлик депутат Серик Сапиев парламент мажлиси йиғилишида Қозоғистоннинг Туркманистон билан чегарасида жойлашган «Темирбобо» назорат-ўтказиш пунктидаги вазият ҳақида савол берди, деб хабар қилмоқда Sputnik сайти.

Сапиев чегарани кесиб ўтаётган ҳар икки давлат фуқаролари сони, ҳамда автомобиль пунктининг ўтказиш имконияти билан қизиққан.

Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари, чегара хизмати директори Дархон Дилманов эса «Темирбобо» ўтказиш пункти 2004 йилдан бери фаолият кўрсатаётгани ҳақида жавоб қайтарди.

Комплекс нафақат чегара хизматига, балки божхона органлари, фитосанитар, карантин, шунингдек транспорт назорати бўйича тўлақонли фаолият кўрсатиш имконини беради.

Назорат-ўтказиш пункти юкламаларга бардош бермоқда, тирбандликлар йўқ.

«Ҳар куни тахминан 400 фуқаро ўтади – ҳам бизга, ҳам ортга. Тахминан 80 та автомобиль техникаси. Одатда, чегарани кесиб ўтувчилар – бу Манғит ва Балкан вилояти аҳолисидир», - дея айтиб ўтди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вакили.

Дилмановнинг қўшимча қилишича, учинчи давлат фуқароларининг жуда кўплаб транспорт воситалари ушбу назорат пункти орқали ўтади.

Қозоғистон парламенти мажлиси чоршанба кунги йиғилишда «Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида қозоқ-туркман давлат чегарасининг демаркацияси тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг

 

Ёрлиқ