декабр 16, 2017 13:43 Asia/Tashkent

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ӯзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди.
  2. Қирғизистон президенти Ўзбекистонга келди.
  3. Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатига барҳам берилганини таъкидлади.
  4. Ўзбекистон делегацияси Истанбулдаги ИҲТ саммитида иштирок этди.
  5. Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилши амалий босқичга ўтмоқда.
  6. Ӯзбекистонда президент сиёсатига қарши чиққан 14 нафар мансабдор шахс ишдан  бӯшатилди.
  7. Буюк Ипак йӯлининг ҳали фанга маълум бӯлмаган қадимги харитаси топилди.
  8. Транснефть" Ўзбекистонга декабрда 50 минг тонна нефть етказиб беради.
  9. Ўзбекистонлик кикбоксчи жаҳон чемпиони бўлди.
  10. Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксга ўтди.

       

  Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида Туркия томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда давлат раҳбарлари жорий йил октябрь ойида Туркия Республикасига олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлашди.

Савдо-иқтисодий, технологик, молия-сармоявий, транспорт, туризм ва маданият соҳаларидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида ўзаро самарали алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

хххххххххххххххххх

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков 13 декабрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Олий даражадаги учрашув ва музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари, чегараолди ҳамкорлик масалалари, айрим минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Қирғизистон президенти Сўранбай Жээнбеков Ўзбекистон Президентининг Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёевга Қирғизистоннинг «Данакер» орденини топширди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевни Қирғизистоннинг «Данакер» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат Қирғизистоннинг аввалги президенти Алмазбек Атамбаев томонидан ноябрь ойида имзоланган эди.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шерикчилик муносабатларини ўрнатиш ҳамда анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан шахсий ҳиссаси учун тақдирланган.

"Данакер» ордени билан халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса қўшган шахслар мукофотланади. Орденнинг орқа томони олтин билан қопланган.

Қирғизистоннинг ушбу давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Дмитрий Медведев, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, жаҳонга машҳур виоленчельчи Йо Йо Ма кабилар бор.

Хххххххххххххххххх

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида "Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой " темир йўли қурилиши масаласи ҳам муҳокама қилинди, деб хабар қилмоқда Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Томонлар келишувига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ишчи гуруҳлари ушбу йилнинг 25 декабрида "Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой" темир йўли лойиҳасининг муҳокамасига киришишади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатлар орасидаги дастлабки келишувларга кўра, "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўли қурилиши 2018 йилда бошланиши режалаштирилган эди.

Хитойдан Туркия денгиз портларигача бўлган ҳудудларни бирлаштирувчи ушбу темир йўл — қадимги Буюк Ипак йўлининг замонавий қайта туғилиши бўлиши мумкин. Ушбу улкан лойиҳа барча туташ мамлакатлар учун янги бозорларга чиқишда улкан имкониятлар яратиши муқаррар.

Ххххххххххххххххх

Тошкентдаги ҳамкоримиз Маҳмула Муҳаммадкарим қизи юборган мана бу  хабар ӯз мамлакати тарихи билан қизиқувчи кишиларни бефарқ қолдирмаса керак.

Гап шундаки, Буюк Ипак йӯлининг ҳали фанга маълум бӯлмаган қадимги харитаси топилди.

Келинг, яхшиси хабарни тинглайлик.

хххххххххххххххх

"Транснефть" декабрь ойида Ўзбекистонга 50 минг тонна нефть етказиб беришни режалаштирмоқда, деди компания расмий вакили Игорь Демин журналистларга.

Россия Ўзбекистон учун нефть етказиб беришни бошлади

"Декабрь учун режа 50 минг тоннани ташкил этади", — деди у.

Унинг маълум қилишича, ноябрь ойида 30 минг тонна нефть етказиб берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрелида Москвага қилган ташрифи давомида Россиядан Ўзбекистонга 500 минг тонна нефть етказиб берилиши тўғрисида меморандум имзоланганди.

Нефть қувурлар орқали Шагир нефть қуйиш эстакадасигача етказиб берилади ва бу ердан темир йўл цистерналарига тўлдирилиб Ўзбекистонга жўнатилади.

Ххххххххххххххх

Кейинги хабарларимиз спорт мухлислари диққатига:

Ўзбекистонлик 22 ёшли кикбоксчи Шер Мамазулунов TATNEFT кубоги учун ўтказилган  жаҳон чемпионатида чемпион бўлди.

 

У финалда россиялик рақиби Дмитрий Меньшиков устидан ғалаба қозонди.

Интернетдаги маълумотларга қараганда, Шер Мамазулунов 1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, 80 кггача вазн тоифасида иштирок этади.

ххххххххххххх

Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксга ўтди

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Рио олимпиадаси кумуш медали совриндори, жаҳон ва Осиё чемпиони Шаҳрам Ғиёсов эса профессионал боксга ўтганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё бокс конфедерацияси куни кеча Шаҳрам Ғиёсовнинг 2017 йилда қитъанинг энг яхши боксчиси, деб эълон қилди.