Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиё минтақаларига доир муҳим янгиликлар шарҳи
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини эфирга узатамиз.Унда мазкур минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Остона шаҳрида Суриядаги оташкесимга кафолат берувчи мамлакатларнинг йиғилиши бўлиб ўтди;
- Тожикистон 2018 йил ёзидан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беришни бошлаши мумкин;
- Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакат Хавфсизлик кенгаши раҳбари Алмазбек Курманалиевни ишдан бўшатди;
- Туркманистон чегарасига яқинлашган ИШИД сафида кимлар жанг қилмоқда?
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Суриядаги оташкесимга кафолат берувчи мамлакатлар- Эрон ислом жумҳурияти, Туркия ва Россия вакилларининг уч томонлама йиғилиши бўлиб ўтди.
Сурия бўҳронига ечим топиш учун Остонада ўтказилтган музокараларнинг 8 - раундида Эрон ислом жумҳурияти делегациясининг бошқараётган Эрон ташқи ишлар вазири муовини ва Эроннинг музокара қилувчи делегацияси бошлиғи Ҳусейн Жобирий Ансорий Сурия, Россия ва Туркия делегациялари билан икки томонлама учрашувидан сўнг, Суриядаги оташкесимга кафолат берувчи мамлакатларнинг навбатдаги йиғилишида қатнашди.
Сурия бўҳронини ҳал этиш учун Остона йиғилишининг 8 - раунди жорий йилнинг 21 декабр куни ўтказилди.
Музокараларнинг шу босқичида Суриядаги ярашув ва оташкесимга кафолат берувчи уч мамлакат, яъни Эрон, Россия ва Туркия президентлари Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган ноябр ойидаги йиғилишида қабул қилган Сурияниг миллий музокаралари конгрессини тайёрлаш масаласига қўшимча, ўғирланганлар ва асирлар алмашуви ва Суриянинг маданий мероси ваколатидаги минтақаларни минадан тозалаш тўғрисидаги ўтган йиғилишларидан қолган иккита ҳужжат ҳам ратификация қилиниши кутилмоқда.
Эрон ислом жумҳурияти ушбу музокараларнинг барчасида ушбу ҳужжатларни қабул қилиш йўлидаги барча тўсиқларни бартараф этишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Остона йиғилиши Сурияда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Эрон ислом жумҳуриятининг ташаббуси ҳамда Россия ва Туркия давлатларининг ҳамкорлигида ўтказилган.
Тожикистон 2018 йил ёзидан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беришни бошлаши мумкин, деди мамлакат энергетика ва сув ресурслари вазири Усмонали Усмонзода.
У Тожикистоннинг 2009 йил ноябрда Марказий Осиё Умумий электр энергия тизими (УЭТ)дан чиққанидан сўнг Тожикистон ва Ўзбекистон энергия тизимларида сезиларли ўзгаришлар юз берганини эслатди, деб ёзади Sputnik сайти.
Аммо бугунга келиб республикалар УЭТни тиклашни режалаштирган. Бунинг учун, вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон мамлакат жанубини Тожикистон билан боғлайдиган 60 километрли электр узатиш линияларини тиклаши лозим.
Тожиикстонга доир бошқа хабаримиз шундан иборатки,
Россия Мудофаа вазирлиги Афғонистон билан Тожикистон чегаралари хавфсизлигини янада кучайтириш мақсадида тожик армиясига ривожланган янги қурол- яроқ ва ҳарбий техника тажҳизоталарини етказиб беришни режалаштирмоқда.
«Россия Федерацияси ҳамда Тожикистон Республикаси ўртасида тузилган халқаро ҳарбий-техникавий шартнома асосида кўмак етказиб берилади», дейилади Тожикистон Мудофаа вазирлиги берган баёнотда.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги «Афғонистон билан чегарада вазиятни қаттиқ назоратга олиш учун Тожикистон ҳукуматига қурол-яроқ ҳамда техник воситаларни, жумладан, алоқа ва ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш воситаларини, танк ва вертолётларни етказиб беришини» маълум қилди. Бу ҳақда тожик маҳаллий нашрлари хабар тарқатган.
Шунингдек, баёнотда маълум қилинишича, Тожикистон Қуролли кучларига ўқотар машина, артиллерия, зирҳли танклар БТР-80, жанговар пиёда машиналари БМП-2, Т-72 русумли танк воситалари, Ми-8 ва Ми-24 русумидаги вертолётлар тақдим этилади. Бундан ташқари, Россиянинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа комплекси, тиббий ва топографик вазифаларни бажариш учун мўлжалланган техникалар ҳам Тожикистонга юборилиши қайд қилинган.
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакат Хавфсизлик кенгаши раҳбари Алмазбек Курманалиевни ишдан бўшатди.
«Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков тегишли фармонни имзолади, унга кўра Курманалиев Алмазбек Абдиназарович Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан тақдим этган аризасига мувофиқ озод этилди», - дейилади хабарда. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон президентига ёрдамчи ва маслаҳатчи тайинлангани хабар қилинган эди. Қирғизистоннинг президенти Эрнест Толтоевни президент ёрдамчиси этиб тайинлаш ҳақидаги фармонини имзолади. Эрнест Толтоев Сооронбай Жээнбеков бош вазирлигида унга ёрдамчилик қилган эди.
Толтоев 15 декабрь куни 31 ёшга тўлган. Шунингдек, Қирғизистон президентининг масалаҳатчиси ҳам тайинланди. Муратбек Шойимқулов давлат раҳбарининг маслаҳатчиси ҳисобланади. Ўтган ҳафтада собиқ президент Алмазбек Атамбоев ўз маслаҳатчилари - Икрамжон Иляминов ва Фарида Ниязовани ишдан бўшатган эди.
Афғонистон шимолий вилоятларида пайдо бўлган жангарилар орасида Жазоир, Франция, Тожикистон, Ўзбекистон ва Кавказдан бўлган шахслар борлиги айтилади.
Агентлик маълумотларига кўра, жангарилар Туркманистон билан чегарадаги Жузжон шимолий вилоятининг Дарзоб уездида пайқалган.
Афғонистоннинг Жузжон шимолий вилоятидаги Дарзоб уезди раҳбари Бааз Муҳаммад Доварнинг хабар беришича, Суриядан қочиб чиқиб кетган хорижий жангарилар вилоятда ноябрь ойида пайдо бўлишган. Улар орасида тожикистонлик икки аёл ва таржимон ҳам бор.
Доварнинг сўзларига кўра, Дарзобда пайқалган хорижий жангарилар, эҳтимол, ИШИД террорчилик гуруҳининг Афғонистон ва Покистонда ҳаракатланувчи бўлинмаси «Хуросон вилояти» аъзолари саналади.
Дарзоб аҳолисининг тахминан 200 нафар хорижлик фуқароси Биби Марям қишлоғидан унча узоқ бўлмаган жойда машғулот лагерини ташкил этишган. Маҳаллий фуқаролардан бирининг хабар беришича, лагерда турли миллатдаги жангарилар машқ олиб боради, уларнинг бари ҳарбий кийимни кийиб олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жузжон ҳукумати ИШИД сафига ёшлар жалб этилаётгани ҳақида хабар берган эди. Ҳисоб-китобларга кўра, Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарасида жойлашган вилоятда ИШИД террорчилик гуруҳи жангариларини ўқитишнинг яширин марказлари фаолият кўрсатмоқда, уларда тахминан 300 нафар ёшлар тайёргарликдан ўтмоқда.
Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.